Бир йил аввал Мурманск вилояти соғлиқни сақлаш соҳасидаги муаммолар борасида президент Владимир Путинга шикоят қилган Дарья Старикова саратон касалидан вафот этди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.
«Афсуски, тиббиёт ҳаммани ҳам даволай олмаслиги мумкин. Бу ҳақда бугун эрталаб хабар топдим. Дашани сўнгги манзилга муносиб тарзда кузатамиз, у Апатити шаҳрида дафн қилинади», — деди шаҳар маъмурияти раҳбари Николай Бова.
Унинг сўзларига қараганда, дафн қилиш маросими харажатларини «Фосагро» компанияси бўйнига олган. Николай Бова шаҳар маъмурияти Дашага доимий ёрдам бериб келганини маълум қилди. Дашанинг қизига боқувчисини йўқотгани сабабли пенсия тайинланди.
Ҳозирда маҳаллий ҳукумат вакиллари Дарьянинг оиласига ёрдам бериш йўлларини кўриб чиқмоқда.
Дарья Старикова Мурманск вилоятининг Апатити шаҳрида уашаб келган, унда тўртинчи даражали саратон касали аниқланган. 2017 йил 15 июнда Дарья тўғридан-тўғри мулоқот вақтида президентга мурожаат қилган. Унинг сўзларига қараганда, шифокорлар даставвал унга умуртқа ораси остеохондрози ташхисини қўйган. Натижада даволаш бошланиши керак бўлган вақт бой берилган. Владимир Путин вазиятни ўз назоратига олиш ва қизга ёрдам беришга ваъда берган.
Президент билан тўғридан-тўғри мулоқотдан кейин Дарья туман шифохонасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган, у ердан Мурманскка кўчирилган. Кейинроқ Дарья ФВВ (Фавқулодда вазиятлар вазирлиги) самолётида Москвага келган. У Герцен номидаги илмий тадқиқот институтида даволанган.
Бугунги кунда Россия соғлиқни сақлаш вазирлиги онкологик хасталикларга қарши курашиш бўйича миллий дастурни яратиш устида иш олиб бормоқда.
Изоҳ (0)