Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг 71-сессиясида иштирок этмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеяси ЖССТнинг юқори органи ҳисобланади. Ассамблеянинг сессияси ҳар йили, одатда, Женевада бўлиб ўтади. Анъанага мувофиқ, жорий йилги 71-сессия ҳам Швейцариянинг Женева шаҳрида бўлиб ўтмоқда.
21 май куни тадбир расман очилди. Унда ЖССТга аъзо 194 та давлатнинг соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича раҳбарлари қаторида Ўзбекистон делегацияси ҳам қатнашмоқда.
Ҳар йили Сессия давомида иштирокчилар ЖССТ фаолиятини кўриб чиқиб, ўз олдига янги мақсад ва вазифалар қўяди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг бу йилги сессиясида соғлиқни сақлаш соҳасига доир мураккаб масалалар ва уларнинг ечимига доир чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Хусусан, атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришларининг саломатликка салбий таъсири ва унга қарши курашиш бўйича йўл харитаси, дори-дармон ва вакцина таъминоти, ноинфексион касалликлар профилактикаси, аёллар, болалар ва ўсмирлар саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича глобал стратегия масалалари муҳокама қилиниши кутилмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг 71-сессияси 26 майга қадар давом этади.
Изоҳ (0)