Ўзбекистонлик бир гуруҳ журналистлар Марказий Осиё минтақавий экология маркази (МОМЕМ) Европа Иттифоқи молиявий кўмагида амалга ошираётган UzWaterAware лойиҳаси доирасида Қорақалпоғистонда бўлиб қайтди. Медиатур иштирокчилари орасида «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев ҳам бор эди.
Марказий Осиёнинг Ўлик денгизи
Машиналаримиз Оролга етиб борганида қош қорайишни бошлаганди. Ҳайдовчимиз Ойберген ака қирғоқдан 500 метр чамаси берида тўхтади-да, «у ёғига пиёда борасизлар, машина ботиб қолади», деди. Қўлларимизга камера ва диктофонларни олиб, пастга тушдик.Мени атрофдаги манзара ҳайратга солди. Жуда таниш, қаердадир уни кўргандекман. Кейин эсимга тушди: америкалик астронавтларнинг Ойга қўниши акс этган лавҳаларда кўргандим. Туз кўпчиб ётган, ғовак ер узра денгиз томон йўл олдик.
Аввалига оқ, қуюқ тумандан бўлак ҳеч нарса кўринмади. Яқинлашганимиздагина бўғриқиб турган денгиз, тўғрироғи, ундан қолган кўлга кўзимиз тушди. Ниҳоят, Тошкентдан Нукусга, бу ердан эса 300 километрдан ошиқ йўл босиб келганимиз чўл қўйнидаги марваридга етишдик.
Барчада турли кайфиятни кўриш мумкин эди. Шахсан ўзим бундан ҳам ёмон ҳолатни кутгандим. Қаршимда эса бепоён денгиз ястаниб ётарди. «Агар Оролнинг қолган қисми шу бўлса, бунгача нақ уммон бўлган экан» деган хаёл ўтди. Қирғоқда манзарани маъюс кузатиб турган ҳамроҳим Наргис Қосимовага юзландим.
— Оролни кўриб ҳайратландим, завқландим ва тўғриси, юрагим ачишди. Қора, Ўрта ер, Мармар, Сариқ, Оқ, Каспий денгизлари, қаерда бўлмай чарлоқлар қичқиришар, сувга яшин тезлигида шўнғиб, тумшуқларидаги кичкина балиқ билан кўкка парвоз қилишарди. Орол денгизида эса жимлик, сукунатни фақат сувнинг қирғоққа келиб урилаётган овози бузади. Гидимиз Октябрь аканинг гапини эшитдингиз, бир пайтлар 40 дан ортиқ балиқ турлари ва денгиз жониворлари яшаган Оролда ҳозир бир дона ҳам балиқ йўқ. Сувнинг минераллашув даражаси ортиши уни ҳаёт учун мутлақо яроқсиз қилиб қўйган. Ҳозирги ҳолатда уни Исроил ва Иордания ўртасидаги Ўлик денгиз билан таққослаш мумкин. Унинг тубида ғайритабиий жониворларни эслатувчи туз кристалларини кўриш мумкин, Орол денгизи қирғоқларида эса бу ерга энди ҳеч ҳам етиб келмайдиган Амударё лойларини, — дейди Наргиза опа.
Тиллога тенг артемия
Чиндан ҳам бугунги кунда Орол денгизи сувида фақат битта жонзот — артемия омон қолди. У 100 миллион йиллардан буён ўзгаришсиз келаётган оддий организм, планктон. Ер юзида шўр кўлларда учрайди, сув ўтлари, бактериялар билан озиқланади. Орол денгизидаги артемиялар асосан урғочи, лекин ўз-ўзидан кўпайиш хусусиятига эга.
Артемия систалари асосан Хитой, АҚШ, Россия, Қозоғистон, Мўғулистон ва Эроннинг тузли кўлларида етиштирилади. Ўзбекистонда эса фақат Орол денгизида учрайди. Бу ерда систаларни йиғиб олиб сотиш билан шуғулланадиган 10 га яқин фирма ва корхона мавжуд.
Артемия балиқ личинкалари учун жуда зарур озуқа. Оддий омухталар билан боқилган балиқ личинкаларининг 50 фоизи тирик қолса, артемия билан озиқланган балиқ личинкаларининг 90 фоиздан кўпроғи ҳеч қандай касалликсиз ривожланади.
Бундан ташқари, артемия илмий тадқиқотлар, косметология, фармацевтика, тиббиёт ва қишлоқ хўжалигида кенг фойдаланилади. 1982 йилда Ер орбитасида ўтказиладиган тажрибаларда фойдаланиш учун коинотга олиб чиқилган. Пушти фламинголар улар билан озиқлангани учун шундай рангга эга деб ҳисобланади. Қизиғи, артемия ҳеч қачон ухламайди, унинг номи ҳам грек тилидан таржима қилинганда «соғлом, табиий» деган маънони англатади.
Дунёда артемия систаларига бўлган йиллик талаб 8-10 минг тоннани ташкил этади, бир тоннаси нархи эса 30 минг долларга боради. Қорақалпоғистонда ўтган йили 250 тонна артемия Хитойга, 72 тоннаси Қозоғистонга экспорт қилинди. Бундан салкам 1 миллион доллар даромад олинди. Аслида бу оддий эмас, нақ тилла организм...
Ҳамроҳларим билан шуларни муҳокама қилиб турганимизда бирданига Орол денгизи узра камалак пайдо бўлди. Буни яхшиликка йўйдик.
Бир сўз билан айтганда, шок...
Вақт алламаҳал бўлгани машиналарга ўтириб, қирғоқдан 1-2 километр нарида жойлашган ва биз учун ажратилган ўтовларга йўл олдик. Бир кеча шу ерда тонг оттирадиган бўлдик.
Кечки таом тортилганидан сўнг медиатур иштирокчилари гулхан атрофида тўпланди. Октябрь ака Орол билан боғлиқ ривоятлардан сўйлади, сўнг маҳзун кайфиятни бироз кўтариш учун қадрдон фильмлардаги қўшиқлар куйланди. Эрталаб саҳарда денгиз узра қуёш кўтарилишини биргаликда кузатишга келишиб, ўтовларимизга тарқалдик.
Мен билан бир ўтовда жойлашган Рустам Жабборовни билмадиму, лекин ўзим ухлай олмадим. Бир дунё таассуротлар, увиллаган шамол, нотаниш жой... Хуллас, бир амаллаб тонг оттирдик. Эрталабки соат 5 дан ўтганда лагеримиз яқинидаги тепаликка чиқдим. Бу ердан денгиз кафтдек кўриниб турарди. Бироздан сўнг сафга канадалик Лорен Чен ва журналист Хония Асилбекова қўшилди.
Лорен Европа Иттифоқи блогерлар учун ўтказган танловда ғолиб чиқққан ва Осиёдаги давлатларда бўлиб, улардаги турмуш тарзи, одамлар ҳаёти ҳақида ҳикоя қилиш имкониятини қўлга киритибди. Ўзбекистон у сафар қилаётган еттинчи давлат экан. У Орол денгизи қолдирган таассуротни биргина сўз билан ифодалади ва уни таржима қилиб ўтирмадим: шок...
Денгиз узра қуёш кўтарилиши чиндан ҳам бетакрор манзара экан. Уни ҳатто энг кучли фотокамералар ҳам ифодалаб беролмайди. Ҳаво изғиринлигига қарамай, буни кузатиш учун медиатурнинг барча иштирокчилари йиғилди. Нонуштадан сўнг лагер-меҳмонхона бекалари билан хайрлашдик. «Қийнаб қўймадикми?» деган саволимизга «Кўникиб ҳам қолдик. Кеча Хитойдан келган 50 нафар меҳмонни кузатгандик», дейишди.
Ўйлаб қолдим: демак, Орол шу ҳолида ҳам бизни боқяпти экан. Тўғри, унинг тубида фақат биргина жонзот — артемия қолган. Бироқ унинг баҳоси, юқорида айтганимдек, фалон пул туради, Қолаверса, буни айтиш нечоғли оғир бўлмасин, Орол бутун дунёда Чернобил каби брендга айланиб бўлган ва уни кўришга юзлаб, минглаб сайёҳлар келмоқда.
Яна Оролнинг етарлича тадқиқ этилмаган қанча ҳудуди бор. Биз келиб тушган Оқтумшуқ бурнидан Қозоғистон чегарасигача 150 километр масофа бор. Қорақалпоғистон ахборот агентлиги директори Есимхан Қанаатовнинг айтишича, Оролнинг энг қизиқ ва сирли манзаралари шу — Дувона бурни томонда.
— У ёғи худди Марс сайёрасига ўхшайди. Қадимий найзасимон иншоотлар — аранлар ҳам шу томонда. Ишонасизми-йўқми, шундай бий саҳрода ҳатто бир туп олма ва ўрикка ҳам дуч келганмиз. Оға, уёққа камида бир ҳафтага кетиш, қулоч-қулоч материаллар тайёрлаб келиш керак, — дейди Есимхан.
Орол тубидаги ўрмон ёки BBC эътирофи
Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон ҳукумати Орол денгизидаги ҳолатни ўнглаш учун салмоқли ишларга қўл урган. Буни хорижий ОАВ ҳам эътироф этмоқда. Жумладан, яқинда BBC Орол ҳақида қисқа метражли фильмни суратга олиш ишларини якунлади. Журналист ва продюсер Рустам Қобил, видеопродюсер Пол Харрис тўрт кун давомида Мўйноқ туманида, Орол денгизи қирғоқларида бўлди.
— BBC глобал иқлим ўзгариши ва экологик фожиаларга қарши кураш бўйича тажрибаларни дунёга намуна сифатида кўрсатиш учун «Ҳароратни ўлчаш» деган махсус мини-сериаллар бошлади. Ўзбекистон Орол тубида ўрмон яратишга интилаётганини билардим. Шунинг учун бу ерда қилинаётган ишларни дунёга намуна сифатида кўрсатишни таклиф этдим ва дастур ғоясини бердим.
Кўрик-танловда 200 мамлакат ичидан 10 давлат, жумладан, Ўзбекистонни саралаб олишди, бундан хурсандман. Энди бу тажрибани дунёга ёйса бўлади, чунки BBC аудиторияси катта, бизни ҳамма кўради, эшитади, ўқийди. Бунинг ортидан Оролга, Ўзбекистонга эътибор ошади, сармоялар кела бошлайди. Оролнинг ҳозирги юзасини ўрмон қилиш учун бу шароит ва суръатда бир аср ҳам етмайди. Четдан пул ва эътибор керак. Бунинг учун дунёда Орол ҳақида кўпроқ гапириш керак.
Хуллас, 1 июнда эътиборга ҳавола этиладиган фильм, радиодастур ва мақола Ўзбекистон денгиз тубида ўрмон яратиб, Оролда ҳаётни сақлаб қолишга интилаётгани ҳақида, — дейди журналист, продюсер ва асосийси, курсдошим Рустам Қобил.
Икки водий жам бўлган Мўйноқ
Қайтишда йўлимиз Мўйноқ туманидан ўтди. Туман ҳудуди Қўнғиротдан кейинги ўринда туради, 37,9 минг квадрат километрга тенг. Таққослаш учун, Фарғона водийси вилоятларидан икки баробар катта. Шундай улкан ҳудудда бор-йўғи 30 минг атрофида одам яшайди.
Бу ерга келгач, ўз-ўзидан, дастлаб машҳур кемалар қабристонига бордик. Айтишларича, аввал бу ерда ўнлаб қаровсиз кемалар бўлган. Вақт ўтиши билан улар ташиб кетилаверганидан сўнг борини сақлаб қолишга қарор қилинган. Мен 12 та кемани санадим.
Шу ерда Мўйноқ ҳокими Сайлаубай Данияровни ҳам суҳбатга тортдик. Тумандаги йўлларнинг ачинарли ҳолати, айрим уйлар қаровсиз қолгани ҳақида сўроққа тутдик. Ҳокимбува туманда ҳам «Обод қишлоқ» дастури бошлангани, ҳозиргача юздан ортиқ хонадон таъмирдан чиқарилгани, кўп ўтмай бу ерда ҳам катта ўзгаришлар юз беришига ишонтирди. Сўнг туман ҳокимлиги қаршисидаги фойдаланишга топшириш арафасида турган Мўйноқ экология музейига бошлади.
Икки қаватли музейнинг биринчи қаватидан осори-атиқалар, миллий либослар ва буюмлар, туман тарихи, хусусан, бу ердаги порт ва консерва заводи фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи фотолавҳалар, ўсимлик ва ҳайвонот олами намуналари ўрин олган бўлса, иккинчи қаватдан Орол, хусусан, Мўйноқнинг ҳақиқий қўшиқчилари бўлган мусаввирлар Рафаэль Матевосян ва Фаим Матгазиннинг асарлари ўрин олган.
Музейнинг экспонатларга бойлиги, барча нарса дид билан қўйилгани, яқин орада 3D-ускуналар билан жиҳозланиши бизни қойил қолдирди. Ҳаракат қилса, чекка ҳудуд шароитида ҳам шундай муассаса ташкил этиш мумкинлигини кўрсатди.
Ўзбекистон харитасидаги янги саҳро — Оролқум
Шундан сўнг яна Нукусга қараб йўлга чиқдик ва кечга яқин пойтахтга кириб келдик. Йўловчилар тиғиз бўлгани учун гуруҳимиз иккига бўлинди ва бир қисми шу куннинг ўзида, қолгани эса эртасига эрталаб учадиган бўлди. Менга яна бир кеча Нукусда қолиш насиб этди. Эрталаб аэропортга жўнашдан олдин меҳмонхонада бир гуруҳ хорижлик меҳмонларга кўзим тушди. Уларнинг сони биздан ҳам кўп эди. Демак, ҳаммаси йўқотилмаган, Рустам Қобил айтмоқчи, нафақат биз, балки бутун дунё Оролга кўз тикиб турибди.
Самолётда Тошкентга парвоз қилар эканмиз, манзилга етгунча уч кунлик сафардан хулоса сифатида шу ўй хаёлимдан ўтди: аслида вақтида сен эмас, биз чекинган эканмиз, Орол. Ўндан биринг қолиши, Ўзбекистон харитасида яна бир саҳро — Оролқум пайдо бўлишига ҳам биз айбдор эканмиз, Орол. Энди жиллақурса шу ҳолингни сақлаб қолсак эди...
(Аввали бор)
Изоҳ (0)