Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида «Қорабайир» отчилик мажмуаси очилди. Бу ҳақда «Халқ сўзи» хабар бермоқда.
Қарийб 6 ойда қуриб битказилган замонавий мажмуада 34 миллиард сўмлик қурилиш ишлари олиб борилди. Унда ёпиқ манеж, сайёҳлар ва шартнома асосида от олиб кетишга келадиган меҳмонлар учун меҳмонхона, 80 ўринли ресторан, шунингдек, чавандозларни ўқитишга мўлжалланган ўқув хоналари, машғулот ўтиш заллари мавжуд.
200 отга мўлжалланган ушбу мажмуа ўз номи билан қорабайир зотли отларни кўпайтириш, тайёрлаш ва реализация қилишга мўлжалланган. Етиштирилган отларни спортга тайёрлаш учун барча шароитлар яратилган. 4 та блокдан иборат отхоналарда 1 ёшгача, уч ёшгача ва ундан катта ёшдаги отлар алоҳида ўргатилади. Бундан ташқари, отларни сувда ва қумда юргизадиган манежлар барпо этилган.
Мажмуага ҳозир қорабайир отлардан 50 бош олиб келинди. Улардан насл олиниб, сонини 200 тага етказиш режалаштирилган.
Мажмуанинг умумий ер майдони 1204,6 гектар бўлиб, шундан 10 гектари қурилиш майдони, 200 гектари озуқа экинлари етиштириладиган сувли майдонларни, қолгани туғиш ёшидаги отларни боқишга мўлжалланган яйлов ерларини ташкил этади.
Очилиш маросимида от спорти мусобақалари, кўргазмали чиқишлар ҳамда кенг дастурдаги концерт намойиш этилди.
Изоҳ (0)