Бугун, 13 май тонгида Рио Олимпиадаси чемпиони Фазлиддин Ғоибназаров профессионал боксдаги тўртинчи жангини ўтказди.
Ғоибназаровга ўзининг профессионал боксдаги 4-жангида мексикалик Хесус Сильвейра рақиблик қилди. Саккиз раунддан иборат жанг тенг ярмига келганида якунланди. Тўртинчи раундда Фазлиддиннинг чап қўлда қисқа масофадан берган аниқ ва кучли зарбасидан сўнг мексикалик боксчи нокаутга учради. Шу тариқа ўзбекистонлик боксчи проф боксдаги 4-ғалабасини қўлга киритди.
Маълумот учун Фазлиддин профессионал боксда шу кунгача 3 та жанг ўтказиб ва уларнинг барчасида ғалаба қозона олганди (1 таси нокаут билан).
Унинг рақиби Хесус Сильвейра эса 15 та жанг ўтказган ва шуларнинг 8 тасида ғалаба қозонган (3 таси нокаут билан). 5 та жангда мағлубиятга учраган ва яна иккита тўқнашувда дуранг қайд этганди.
Изоҳ (0)