Малайзия парламент сайловларида мамлакат мустақилликка эришгандан бери илк маротаба (сўнгги 60 йил ичида биринчи марта) «Pakatan Harapan» мухолифат коалицияси («Умид альянси») ғалаба қозонди. Бу ҳақда 9 май, чоршанба куни «Channel NewsAsia» хабар берди.
Мухолифатнинг ғалабаси сабабли ҳукуматни бошқараётган «Barisan Nasional» («Миллий фронт») партияси мамлакат парламентида устунликни йўқотди. «Barisan Nasional» бир неча ўн йиллар давомида Малайзия сиёсий доираларида етакчилик қилган.
Матбуот анжумани давомида мухолифат етакчиси, Малайзия собиқ бош вазири Мохатхир Муҳаммад «Pakatan Harapan»нинг сайловда ютиб чиққанини «ёрқин ғалаба» деб атади.
Бош вазир лавозимини 92 ёшли Мохатхир Муҳаммад эгаллаши кутилмоқда. У 1981–2003 йилларда Малайзия ҳукуматини бошқарган. Мохатхир Муҳаммад матбуот анжуманида янги сайланадиган бош вазир 10 май куни қасамёд қилишини маълум қилган. Бироқ сайловлардан олдин ҳукуматни бошқаришни истамаслигини айтган.
Мамлакат конституциясига мувофиқ, бош вазир номзодини Малайзия қироли султон Туанку Муҳаммад V Фарис Петра тасдиқлаши керак.
2013 йил сайловларида мухолифат коалицияси парламентда ўз ўрнини мустаҳкамлаган, бироқ кўпчилик овозини қўлга киритмагани учун ҳукуматни эгалламаган.
Сайловдаги мағлубият туфайли Малайзиянинг ҳозирги бош вазири Нажиб Раззоқ истеъфога чиқади. У 2009 йили бош вазир этиб сайланган. 2016 йили миллий сармоя фондидан 700 миллион АҚШ долларини ўзлаштиргани учун коррупцияда айбланган.
Изоҳ (0)