Тезкор-тергов ҳаракатлари натижасида содир этилган ўғирлик жинояти фош этилиб, жабрланувчига етказилган моддий зарар қопланди, деб хабар берди «Дарё»га Тошкент вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси.
Қайд этилишича, 4 май куни Оққўрғон туман ИИБга шу туманда яшовчи, 1995 йилда туғилган М. Исоқулов ариза билан мурожаат қилиб, 2 майдан 3 майга ўтар кечаси номаълум шахс Оққўрғон туман, Алишер Навоий фермерлар уюшмасида жойлашган «Покиза М» фермер хўжалиги дала майдонида боғлиқ турган умумий нархи 12 миллион сўмлик 3 бош қора молни ўғирлаб, ҳодиса жойидан яширинганини маълум қилган.
Ҳолат юзасидан Оққўрғон туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан 4 май куни ЖКнинг 169-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки терговга киришилган.
Олиб борилган тезкор-тергов ҳаракатлари натижасида ушбу жиноятни Оққўрғон туманида яшовчи 1991 йилда туғилган Ж. Журабаев ва Оққўрғон шаҳрида яшовчи 1997 йилда туғилган М. Назировлар содир этгани Оққўрғон туман ИИБ ходимлари томонидан аниқланиб, ушланганлар. Ўғирланган 3 бош қорамол ашёвий далил тариқасида олиниб, жабрланувчига етказилган моддий зарар ўрни қопланган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)