Вазирлар Маҳкамасининг 3 майдаги 333-сон қарори билан Сузиш спорт турларини ривожлантириш чора-тадбирлари режаси ҳамда бюджет маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган бассейнларда шуғулланиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди, деб ёзади Norma.
Сув спорти қандай ривожлантирилади?
Биринчидан, ушбу соҳада олтита устувор йўналишни ўз ичига олувчи чора-тадбирлар режаси тасдиқланди:
- сузиш спорт тури бўйича ўқув-методик базани такомиллаштириш;
- сузиш спорт турларини оммалаштириш, иқтидорли спортчиларни саралаш ишлари самарадорлигини ошириш;
- мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни такомиллаштириш;
- сузиш бўйича спорт иншоотларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш;
- бассейнларни моддий қўллаб-қувватлаш;
- ОАВ, интернет тармоғининг имкониятларидан фойдаланган ҳолда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш.
Иккинчидан, барча бюджет бассейнларини халқаро талабларга мос спорт анжомлари ва ускуналари билан таъминлаш режалаштирилди.
Учинчидан, сув спорт турлари бўйича барча тренерлар мажбурий тартибда малака оширади ва қайта тайёрлаш ўқув курсларидан ўтади.
Тўртинчидан, ҳудудларда жойлашган давлат таълим муассасаларининг бассейнлари 3 ой муддатда хатловдан ўтказилади. Унинг якунлари бўйича давлат ва хусусий шериклик асосида фойдаланишга бериладиган бассейнлар рўйхати тузилади.
Бюджет бассейнлари ҳақидаги барча маълумотлар (манзили, иш вақти, хизмат турлари, нархлари) интернет тармоғига жойлаштирилади.
Бюджет бассейнларида бир марта ёки соғломлаштириш гуруҳларига қатнаш йўли билан шуғулланиш мумкин. Улар аҳолини сув спорти машғулотларига кенг жалб қилиш мақсадида ташкил этилмоқда.
Шуғулланиш истагини билдирган барча шахслар, 7 ёшдан бошлаб (чуқурлиги 1 метрдан ортиқ бўлмаган бассейнларда — 4 ёшдан бошлаб) соғломлаштириш гуруҳларига қабул қилинади.
Гуруҳлардаги машғулотлар пуллик бўлиб, 45 дақиқа давом этади. Тўлов миқдори бассейн раҳбарияти томонидан юқори турувчи ташкилот билан келишган ҳолда белгиланади.
Изоҳ (0)