Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Саидикром Ниёзхўжаев Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг бешта ижтимоий ташаббусини тарихий ва инқилобий деб атади. Бу ҳақда «Казинформ» хабар бермоқда.
Қозоғистонда олиб борилаётган ислоҳотлар ва давлат раҳбари ташаббуслари ҳақида элчи мамлакат давлат котиби Гулшарой Абдикаликова билан Оқўрдада бўлиб ўтган учрашувда тўхталиб ўтди. Саидикром Ниёзхўжаев қўшимча қилишича, жаҳон иқтисодиётидаги қийинчиликларга қарамай, Қозоғистон халқ фаровонлигини яхшилашга киришган.
Дипломат ягона дастур орқали Қозоғистоннинг янада ривожлантирилиши бутун минтақа тараққиётига таъсир қилишини таъкидлади.
«Албатта, Қозоғистоннинг ривожланиши, Қозоғистон халқининг жипслиги бутун Марказий Осиё минтақаси тараққиётига бевосита таъсир қилади. Ўтган йили Қозоғистон президентининг ташаббуси билан 2018 йил Қозоғистонда Ўзбекистон йили деб эълон қилинган эди, 2019 йил эса, табиийки, Ўзбекистонда Қозоғистон йили бўлади. Ўзбекистон ҳам, Қозоғистон ҳам Марказий Осиё иқтисодиёти локомотивлари ҳисобланади. Бизнинг бирлашувимиз, икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш, Марказий Осиё иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш бўйича ҳамкорлигимиз иқтисодиётларимизни бир неча йил олдинга олиб чиқади, шу тариқа, биз бутун дунёга ҳамкорликда ишлаш қанақа бўлишини кўрсатиб қўямиз», — дея хулоса қилди Саидикром Ниёзхўжаев.
Изоҳ (0)