Президент Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятига ташриф буюриб, вилоят ва туманлар ҳокимлари, вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказди. Унда 2 март куни вилоятга ташриф чоғида белгилаб берилган вазифалар ва лойиҳалар ижроси муҳокама қилинди, деб хабар беради Президент матбуот хизмати.
Маҳаллий бюджетга қўшимча тушумларни таъминлаш, ҳудуд экспортини ошириш, олис туманлар инфратузилмасини яхшилаш, вилоят марказида намунавий уй-жой қуриш, «Обод қишлоқ» дастури кўламини кенгайтириш, томорқа хўжалигини ривожлантириш ва янги иш ўринларини яратишга қаратилган ишларнинг бориши кўриб чиқилди.
Давлат раҳбари тўртта сектор раҳбарлари ва мутасаддилар томонидан йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ кўрсатмалар берди. Ҳудудни изчил ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар ижроси устидан қатъий назорат ўрнатиш лозимлигини таъкидлади. Лойиҳаларни, жумладан, ўрмон хўжалигини ривожлантириш, корхоналарни зарур ресурслар билан таъминлаш, хусусий мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш борасидаги режаларни амалга оширишнинг янги тизимини ишлаб чиқиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Муҳокама этилган чора-тадбирлар юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берилди.
Изоҳ (0)