Аввал
хабар берганимиздек, Вазирлар Маҳкамасида бош вазир Абдулла Арипов раислигида жамоат ишларига мажбурий жалб қилишни тақиқлаш, бу борада раҳбарлар масъулиятини оширишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоятларда йўл қўйилаётган мажбурий меҳнат кўринишлари танқид қилинди, дея
хабар беради ЎзА.
Жумладан, Самарқанднинг Нуробод туманидаги Жом қишлоғида олиб борилаётган ободонлаштириш ишларига нафақат тумандаги, балки бошқа туманлардаги ўқитувчи, шифокорлар ҳам жалб этилган. Бундан ташқари, ўқитувчи ва шифокорларни қишлоқ хўжалиги ишларига тортиш тизимли тус олган. Масалан, Пахтачи туманида халқ таълими ходимлари, ўқитувчилар чигит экиш ишларига жалб этилгани аниқланди.
Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот туманида касб-ҳунар коллежи директорлари қишлоқ хўжалиги ишларини ташкил этишда вакил сифатида бириктириб қўйилган.
Андижон вилоятининг Олтинкўл туманидаги барча коллеж ва мактаб директорлари томорқадан унумли фойдаланиш ишлари, Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманидаги 8 коллеж мутасаддилари узумчилик билан шуғулланувчи фермерларга бириктириб қўйилиб, токни очиш ва кўмишга доимий қарашиб келган.
Коллеж ўқитувчилари ҳатто ноқонуний қурилмаларни бузишларга ҳам жалб қилинган. Буни Урганч шаҳри ва Урганч тумани мисолида кўриш мумкин.
Изоҳ (0)