Россиянинг Рязань шаҳрининг Железнодорожний туманида ички ишлар вазирлиги бўлими ходими миграция қонунчилигини бузганлик учун маъмурий баённомалар тузилмаслиги учун пора беришга уринишда гумонланувчи шахсни қўлга олди, деб ёзади «Мангазея» ахборот агентлиги.
Маълум бўлишича, аввалроқ полиция участкаси нозири туманни кўздан кечириш чоғида Ўзбекистон фуқаролари — икки нафар 28 ёшли қиз Россия ҳудудида миграция қонунчилигини бузган ҳолда яшаётганини аниқлаган. Уларни маъмурий баённомалар тузиб, жавобгарликка тортиш учун полиция бўлимига юборишган.
Аммо 60 ёшли рязанлик ўз танишлари томонидан амалга оширилган қонунбузарликни расмийлаштирмаслик учун полиция ходимига 12 минг рубль беришга уринган. У қўлга олинди. Эркакка нисбатан порахўрлик йўналишидаги жиноий иш очиш режалаштирилмоқда.
Ўзбекистон фуқаролари эса чет эл фуқаросининг Россия ҳудудига кириш ва у ерда яшаш қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилади.
Изоҳ (0)