«Дарё» таҳририятига Бухоро вилояти Пешку туманида яшовчи Олим Жамилов мурожаат йўллади. У ўз мурожаатида оғир касалликка чалинган қизи Азизабонунинг дори-дармонларини сотиб ололмаётганини баён қилади.
2015 йилда ушбу оила, хусусан оилада улғаяётган тўрт нафар мурғак болалар тақдирнинг оғир синовига рўбаро келди. Ўша йили болалар онасиз қолди. Олим Жамиловнинг рафиқаси Ҳақулова Шаҳноза кўкрак бези саратонига чалиниб, вафот этди.
«Турмуш ўртогимни сақлаб қолиш учун уч йил ҳаракат қилдик. Уни узоқ муддат даволатдик, жуда кўп маблағ сарфладик. Афсуски, Оллоҳнинг иродаси экан, болаларимнинг онасини бериб қўйдик», — дейди Олим Жамилов.
Онасининг вафотига секин-аста кўника бошлаган болаларга аталган тақдирнинг синовлари ҳали тугамаган экан. Оиланинг эрка фарзанди, 10 ёшли Азизабонунинг оққонга чалиниши оила учун қаттиқ зарба бўлди. Қанчалик оғир бўлмасин, ҳақиқатдан қочиб қутулиб бўлмас экан. Азизабону пойтахтдаги гематология ва қон қуйиш институтининг 1-бўлимида бир муддат даволанди. Биринчи курс даволаниш муолажаларига 62 миллион сўм пул сарфланди. Олдинда эса яна тўртта курс муолажа бор.
Шифокорларнинг айтишича, қизалоқнинг аҳволи ижобий томонга ўзгармоқда. Агар зарурий дори-дармонлар ўз вақтида етказиб турилса, у бутунлай соғайиб кетиши мумкин. Бироқ, Азизабонунинг оиласи ҳозирда моддий қийинчиликлар гирдобида қолган. Шу сабаб, қизчанинг отаси саховатпеша инсонлардан ёрдам сўраб, мурожаат қилмоқда.
Ўксик қалби ўртанаётган қизалоқнинг шифо топишига кўмак берайлик!
Хайрия қилмоқчи бўлганлар учун:
Отаси Олим Жамиловнинг телефон рақами: +998912282290
Карта рақами: 8600 0609 2767 2395
Ҳисоб рақам: 23120000200000674100
МФО: 00674
Изоҳ (0)