Самарқанд вилоятида яшовчи 35 киши Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Самарқанд вилояти ҳокимлигида ушбу шахсларга Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспортини тантанали топшириш маросими ўтказилди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кейинги икки йил давомида қабул қилган фармонларига кўра, кўплаб ўзбекистонликлар Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинди. Жумладан, Самарқанд вилоятида ҳам 2017 йилда 27 нафар шахсга фуқаролик паспорти берилди. Бу йил уларнинг сафи яна кенгайди.
«Асли самарқандлик бўлсак-да, ота-онам маълум муддат Тожикистонда яшагани учун мен 1988 йилда ўша республикада туғилганман. 1993 йилда юртимизга қайтиб келганмиз. Шу ерда билим олдим, олий ўқув юртида ўқидим. Оила қуриб, икки нафар фарзандли бўлдим. Ҳозирда 30-умумий ўрта таълим мактабида сабоқ бераман. Лекин бир армоним бор эди — шу пайтгача Ўзбекистон фуқароси эмас эдим. Бугун орзум ушалиб, Ўзбекистон фуқароси паспортини қўлимга олдим. Президентимиздан миннатдормиз!», — дейди Самарқанд туманидаги Оҳалик қишлоғида яшовчи Манижа Жабборова.