2 апрель куни Тошкентдаги Mega Planet ва Vega Centre кўнгилочар ва савдо мажмуаларида Тошкент шаҳар ИИББ ЁХБ, ФВБ, «Ўздавэнергоназорат» Тошкент шаҳар бўлими, Газ авария хизмати ҳамда Тошкент шаҳар ССБ тез тиббий ёрдам станцияси ходимлари ҳамкорлигида фавқулодда ҳолатларда тўғри ҳаракатланиш кўникмаларига бағишланган амалий машғулотлар ўтказилди, деб хабар беради ФВВ матбуот хизмати.
Машғулотлар давомида мажмуа ходимлари ёнғин келиб чиққанда уни бартараф этиш, фуқароларни эвакуация қилиш, жабрланганларга биринчи ёрдамни кўрсатиш машқларини бевосита мутахассислар билан биргаликда бажарди.
«Алоҳида эътибор фуқаролар билан ишлашга қаратилди: ёнғин юз берганда саросимага тушмасдан, болалар ва катталарни бинодан ташқарига олиб чиқиш йўллари кўрсатиб берилди», — дейилади хабарда.
Бундан ташқари, машғулот доирасида ушбу бинолардаги ёнғинга қарши хавфсизлик тизимлари, эвакуация режалари, ёнғин ўчириш воситалари ҳолатининг созлиги, захира чиқиш йўллари ва кўрсаткичларининг мавжудлиги текширувдан ўтказилди.
Изоҳ (0)