Термизда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинларида муддатли ҳарбий хизмат бурчини ўташ, Ўзбекистон сарҳадларини ташқи таҳдидлардан ҳимоя қилиш учун келган йигитларнинг тантанали қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтди, деб ёзади ЎзА.
Офицер ва сержантлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, фахрийлар, аскарлар ва уларнинг ота-оналари, яқинлари иштирок этган тадбирда мамлакат Қуролли Кучларида амалга оширилаётган ислоҳотлар тинч ва осойишта ҳаётни таъминлашда юксак самара бераётгани таъкидланди.
Чегарачи аскарларнинг жанговар тайёргарлик кўриши, ҳарбий интизомни чуқур ўзлаштириши ва билимини янада бойитиши учун ҳарбий қисм ва чегара постларида барча шароит мавжуд. Ўқув-тактик машғулотлар замонавий технологиялар ва кўргазмали қуроллар асосида олиб борилади. Шинам ва ёруғ ётоқхоналар, замонавий спорт зали ва майдончалари аскарлар ихтиёрида.
Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинларининг ҳарбий қисмларида муддатли ҳарбий хизмат бурчини адо этган 1 минг 400 дан ортиқ оддий аскар ҳарбий қисм командирларининг олий ўқув юртига ўқишга киришда имтиёз берадиган йўлланмасига эга бўлди. Уларнинг 250 дан ортиғи Сурхондарё вилоятининг қўшни давлатлар билан чегарасида муддатли ҳарбий хизмат бурчини ўтаган аскарлардир. Маросимда хизмат муддатини ўтаб, Қуролли Кучлар резервига бўшатилаётган бир гуруҳ аскарларга олий ўқув юртига киришда имтиёз берадиган йўлланма ва II даражали «Чегара қўшинлари аълочиси» кўкрак нишони, ота-оналарига Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгашининг эсталик совғалари топширилди.
Тадбир иштирокчилари учун шартнома асосида хизмат қилаётган оддий аскар ва сержантлар, муддатли хизмат бурчини ўтаётган аскарларнинг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.
Изоҳ (0)