27 март куни Тошкент шаҳрида Афғонистон муаммоларига бағишланган «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзуидаги халқаро конференция бўлиб ўтди. Ўзбекистон пойтахти кўпдан буён бу қадар катта халқаро тадбирга мезбонлик қилмаган эди (2016 йил 23–24 июнь кунлари бўлиб ўтган ШҲТ Тошкент саммити, кўламига қарамай, фақат маълум минтақа вакилларини тўплаган эди). Бўлиб ўтган тадбир Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги обрўини кўтаришига, имижини яхшилашига, фаол минтақавий ўйинчи сифатидаги позициясини белгилаб беришига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Ўтган конференциядан хулосалар қилиш, эришилган ютуқлар ва йўл қўйилган камчиликларни таҳлилдан ўтказиш — маҳаллий экспертлар зиммасидаги вазифа. Мен эса ўзим яхшироқ тушунган соҳага урғу бериб, бир саволга жавоб қидириб кўрмоқчиман: Афғонистон бўйича Тошкент конференцияси сиёсат тилининг тақдирига қандай таъсир ўтказади?
Изоҳ:
Сиёсат тили — ўзбек тили расмий услубининг бир қисми. Оғзаки ва ёзма сиёсий матнлар тили. Бу тилдан сиёсатчилар, сиёсатшунослар ва сиёсий журналистлар фойдаланади.
Уни «сиёсий тил» тушунчаси билан фарқлаш лозим. Сиёсий тил — тил билан боғлиқ давлат сиёсати. «Тил сиёсати» ўрнига «сиёсий тил» дейишдан мақсад — тилнинг моҳиятан сиёсий ҳодиса эканлигига урғу бериш.
«Мустақилликка эришганимиздан сўнг...»
Ўзбекистонда сиёсат тили бундан бор-йўғи бир йилча муқаддам қатъий қолипга солинган ва маҳдуд эди. Унинг асосий хусусиятлари қуйидагилардан иборат эди:авваламбор, сиёсат тили фақатгина ички кун тартибига йўналтирилган эди. Яъни, сиёсий матнлар ва нутқларнинг деярли барчаси Ўзбекистонга оид эди, халқаро сиёсат соҳасида қалам тебратишга даъвогар оз сонли муаллифлар ҳам «маънавиятимизга таҳдид», «чириб бораётган Ғарб» қабилидаги олабўжишуносликдан нарига ўта олмас эди;
иккинчидан, сиёсат тили ўзига хос парадигмалар — қолип сўзлар ва иборалардан ташкил топган эди. «Мустақилликка эришганимиздан сўнг...», «барча соҳаларга эътибор қаратиб келинмоқда», «ислоҳотлар натижаси ўлароқ...», «узоқ истиқболни кўзлаган ҳолда...» сингари баландпарвоз жумлалар матндан матнга кўчиб юриб, ҳар қандай мавзудаги материалга мослашиб кетадиган универсал формулаларга айланиб қолган эди. Бундай формулалардан ҳамма ҳар хил мақсадда фойдаланарди: расмий ахборот каналлари тарғибот мақсадида ишлатса, алоҳида муаллифлар ўзининг лояллигини (садоқатини) кўрсатиш учун расмий тилдаги бутун бошли гап ва жумлаларни тўлиғича кўчирар, яна баъзи бировлар эса шунчаки профессионал эмаслигини яшириш учун тайёр қолипларга мурожаат этар эди;
учинчидан, сиёсат тили ташқаридан Ўзбекистон ҳақида айтилаётган фикрлар, бу фикрларни ифодалашда қўлланган сифатлар, иборалар билан мутлақо ҳисоблашмас эди. Чет элда Ўзбекистон ҳақида нима дейилишига, қандай таърифлар ишлатилишига бутунлай кўз юмилар эди.
Ўзгаришлар, юқорида айтганимдек, олдинроқ — бир – бир ярим йил муқаддам бошланди. Халқаро пресс-клуб мажлисларида, ток-шоуларда журналистларнинг, амалдорларнинг тили ва услуби ўзгара, замонавийлаша борди, шиорбозликдан четлашиб, баҳс-мунозаралар олиб борилди. Остонада бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувидан олиб борилган жонли эфирлар, репортажлар, тадбирга бағишланган дастурларда энди минтақавий ва халқаро сиёсат ҳақида ҳам шаблонларсиз сўз юритилди. Бир сўз билан айтганда, сиёсат тили секин-аста тараққиётнинг янги босқичига кўтарила борди. Кеча бўлиб ўтган халқаро тадбир эса бу ижобий ўзгаришларни тўлақонли кўрсатиб берди.
Шу давр ичида нималар ўзгарди?
- психологик чегара олиб ташланди. Раҳбариятнинг оғзига қараб турадиган, сўнг у айтган сўзлар ва жумлаларни такрорлаб юрадиган ўрта қатлам амалдорлари ва кўпгина журналистлар ниҳоят қолипларсиз гапириш мумкинлигини кўрди ва буни тегишли сигнал ўлароқ қабул қилди. Энди расмий ҳужжатлардан кўчирилган ибораларни ҳар абзацда такрорлаш билан лоялликни кўрсатишга ҳожат йўқлиги англашилди;- сиёсат тилида ниҳоят Ўзбекистон ҳақида эмас, бошқа давлат ҳақида кўпроқ гапирилди. Яъни ўзбек тилида халқаро сиёсат ҳақида ҳам гапириш ва ёзиш мумкинлиги намойиш этилди;
- сиёсат тили халқаро сиёсат тили билан ҳисоблаша бошлади, унинг атамаларини, халқаро миқёсдаги нуқтаи назарларни ўзлаштира бошлади. Масалан, илгари «Толибон» ҳақида фақатгина террористик ташкилотлардан бири сифатида гапирилар эди, энди эса расмий манбаларда у «ихтилоф томони» сифатида таъриф этилди. Бу билан Афғонистон бўйича рус ва инглиз тилларида ёзилган матнлар услуби ўзлаштирилди. Ўзбекистон вакиллари ҳам чет эллик меҳмонлар билан суҳбатлар асносида ўз тилларини эркинлаштиришга, қолипларсиз, замонавий услубда гапиришга уринди.
Камчиликлар ҳам бўлдими?
Албатта. Бу биринчи навбатда бундай миқёсдаги халқаро тадбирларни тўғридан-тўғри ёритишдаги тажрибасизликда, журналистлар халқаро сиёсат, умуман сиёсат ҳақида гапиришга ўрганмаганида кўринди. Ҳар қанча уринмасин, кўпгина қатнашчилар ўз нутқида юқорида айтилган қолиплардан бутунлай воз кеча олмади.Бундан ташқари, Ўзбекистонда халқаро сиёсатга ва айнан Афғонистон мавзусига ихтисослашган малакали сиёсатшунослар, сиёсий журналистлар йўқлиги кўриниб қолди. Расмий ахборот каналлари — Президент матбуот хизмати, ЎзА ва «Ўзбекистон 24» телеканали конференцияни замонавий форматда ва услубда тезкор ва батафсил ёритиб боришга уринди ва бу борада яхши натижалар кўрсатди. Асосий ахборот тарқатиш воситаларига айланиб қолган янгилик сайтлари эса тилга олинган манбалардан олинган расмий хабарларни ўз саҳифаларида қайта чоп этиб борди. Аслида эса улардан расмий манбалар эътибор қаратмаган тафсилотларни ва деталларни ёритиш, шунингдек, пойтахтда бўлиб ўтган улкан халқаро аҳамиятга эга тадбир ҳақида мустақил таҳлилий материаллар тайёрлаш — экспертларнинг фикрларини эълон қилиш, олий мартабали меҳмонлардан қизиқарли интервьюлар олиш, Афғонистон, минтақавий ҳамкорлик, Ўзбекистоннинг халқаро сиёсати ва бошқа долзарб масалалар юзасидан таҳлилий мақолалар ва шарҳлар чоп этиш талаб этилар эди.
Экспертлар ҳам бот-бот таъкидлаётганидек, Тошкент минтақанинг асосий сиёсий маркази номини қўлга киритиш (ёки қайтариб олиш) учун кураш бошлади. Бу кураш, бу саъй-ҳаракатлар йўлида яна кўплаб муҳим халқаро анжуманлар, умумжаҳон миқёсидаги сиёсий ташаббуслар, турли йирик тадбирлар амалга оширилади, катта эҳтимол билан жаҳон мамлакатлари етакчилари, таниқли арбоблар энди тез-тез Ўзбекистонда меҳмон бўлади. Бу эса ўзбек журналистикаси ва сиёсати олдига янги вазифалар қўяди, янги масъулият юклайди. Кутилаётган ташаббуслар ва тадбирларни ёритиш ва тўлақонли очиб бериш, чет эллик ҳамкасблар билан тенгма-тенг мулоқот олиб бориш учун мутахассислар жамоасини шакллантириш қаторида сиёсат тилини янада ривожлантириш, янада замонавийлаштириш талаб этилади. Охирги пайтларда бу йўналишда рўй берган ўзгаришлар, эришилган ютуқлар инобатга олинса, жараён муваффақиятли давом этишига ишонаман.
Изоҳ (0)