Ўзбекистон ва Россия рейсларни кўпайтириш ҳақида келишиб ололмаяпти, деб ёзади Spot Росавиация сайтига жойланган икки мамлакат делегациялари музокараларининг протоколига таяниб.
Россия ташувчилари 2014 йилдан буён мамлакатлар ўртасидаги рейслар қарийб икки баробар камайиб кетганидан хавотирда, улар Ўзбекистонга парвоз қилиш ҳуқуқига эга компаниялар сонини кўпайтирмоқчи.
Хусусан, Россия белгиланган авиакомпанияларга частоталарни эркин танлаш ҳуқуқини беришни таклиф қилмоқда, аммо Ўзбекистон дастлаб ҳукуматлараро битимларда ёзиб қўйилган келишилган линиялардаги парвозлар сонини аниқлаштириб олишни таклиф этмоқда.
Россия Москвадан Самарқанд ва Бухорога бир ҳафталик рейслар сонини (ҳар биттасини) 14 тагача кўпайтирмоқчи, аммо Ўзбекистон тегишли равишда ўнта ва бешта рейсни таклиф қилмоқда.
Шунингдек, Россия Москвадан Фарғона ва Наманганга бештадан рейс йўлга қўйилишини истаяпти, Ўзбекистон эса уч ва тўртта рейсни таклиф этмоқда. Россия Санкт-Петербургдан Тошкент ва Самарқандга еттита рейсни йўлга қўймоқчи, Ўзбекистон эса бештасини таклиф этмоқда.
Томонлар музокараларни давом эттиришга келишиб олди.
Изоҳ (0)