Ўзбекистон ва Қозоғистон хорижлик сайёҳларга ҳар икки давлатга бориш имконини берувчи туристик мультвизаларни амалга киритиш тўғрисидаги келишувни имзолаши мумкин. Бу ҳақда Қозоғистон маданият ва спорт вазири Аристaнбек Муҳаммад икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилиши олдидан маълум қилди, дея хабар берди «Халқ сўзи». Унинг билдиришича, тарафлар келишадиган визалар ҳар икки давлат ҳудудида ҳам бир хилда амал қилиши керак. Масалан, шундай виза билан Ўзбекистонга келган сайёҳ Қозоғистонга ҳам бора олсин ва аксинча.
Вазирнинг қайд этишича, Қозоғистонга ташриф буюрадиган сайёҳларда Ўзбекистондаги тарихий жойларни ҳам бориб кўриш истаги бўлади ёки Ўзбекистонга келган туристлар Қозоғистондаги диққатга сазовор масканларни томоша қилишни ҳам хоҳлайди.
«Биз келишувга имзо чекамиз ва унинг доирасида ҳукумат қарорини тайёрлаймиз. Биз буни тезлаштиришга масъулмиз», — деди Аристaнбек Муҳаммад.
Вазирнинг айтишича, бундай режалар икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия мажлиси кун тартибига киритилган.
Изоҳ (0)