13 март куни Тошкент шаҳридаги «Ўзэкспомарказ» павильонларида мактабгача таълим вазирлиги ташаббуси билан ўтказилаётган «Нурли келажак Экспо-2018» кўргазмаси иш бошлади.
Кўргазмада Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан озиқ-овқат, мебел, дидактик ўйин ва ўйинчоқлар, спорт ва тиббиёт анжомлари, мусиқа асбоблари, ошхона асбоб-ускуналари, енгил саноат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи 250 дан ортиқ корхона ва тадбиркорлик субъектлари иштирок этмоқда.
Кўргазма муносабати билан ўтказилган матбуот анжуманида мактабгача таълим вазири Агрепина Шин, вазирликнинг мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Елена Тен, унинг ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева, Ўзбекистон Президенти давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Рустам Қосимов, бош вазир ўринбосари Қаҳрамон Акмалов, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва мактабгача таълим тизими вакиллари иштирок этди.
Матбуот анжуманида таъкидланишича, жорий йилнинг 1 февралидан Тошкент шаҳридаги давлат мактабгача таълим муассасаларига тадбиркорлик субъектлари томонидан тайёр овқатларни етказиб бериш бўйича туман мактабгача таълим бўлимлари билан тўғридан-тўғри шартномалар тузишга тажриба тариқасида рухсат берилиб, ушбу тажриба бир неча мактабгача таълим муассасаларида жорий этилмоқда. Хусусан, пойтахтнинг Сергели, Олмазор ва Чилонзор туманларидаги айрим MTMда кетринг усулида овқатлантириш йўлга қўйилди.
Тажриба якуни бўйича Республиканинг бошқа ҳудудларидаги мактабгача таълим муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этиш тартибини жорий этиш чоралари кўрилмоқда.
Кўргазма давомида Ўзбекистон ошпазлари уюшмаси томонидан мактабгача таълим муассасаларига мўлжалланган таомларни пишириш бўйича маҳорат дарслари ҳам ўтказилиши режалаштирилган.
Изоҳ (0)