КХДР Пхёнан-Пукто провинциясидаги Йонбён ядро марказида 5 МВт қувватли тажриба реакторини иш режимига туширганлиги тахмин қилинмоқда. Бу ҳақда Жанубий Кореянинг YTN телеканали сунъий йўлдош орқали 17 ва 25 февраль кунлари олинган суратлар таҳлилига таяниб маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
Суратларда ядро объекти қувурларидан оқ буғ устунлари кўтарилаётганлигини кўриш мумкин. Экспертларнинг таъкидлашича, суратларда реакторни совутиш тизимидан қўшни дарёга сув қуйилиши белгилари кўринмаяпти. Бу эса буғ чиқиши реактор иши билан боғлиқ эмаслигидан далолат бериши мумкин. Бироқ сувни чиқариш қувури дарёга бекитилган бўлиши ҳам мумкин.
Бундан ташқари, суратларда объект ҳудудида вақтинчалик ҳарбий лагер қурилганлигини кўриш мумкин.
Жанубий кореялик экспертлар реакторнинг ишга туширилиши КХДР ядро дастури учун зарур изотоплар ишлаб чиқаришнинг қайта йўлга қўйилганлигидан гувоҳлик бериши мумкинлигини таъкидламоқда.
Изоҳ (0)