2 март куни Ўзбекистон ва Қирғизистон ички ишлар вазирликлари ўртасида идоралараро мувофиқлаштириш ишчи гуруҳининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар беради ИИВ матбуот хизмати.
«Тадбирни Ўзбекистон Республикаси ИИВ томонидан вазирнинг биринчи ўринбосари, генерал-майор Даврон Назармуҳамедов, қирғизистонлик ҳамкасблар томонидан вазир ўринбосари, милиция генерал-майори Дониёр Абдикаров бошқарди», — дейилади хабарда.
Йиғилишда Ўзбекистон ва Қирғизистон ички ишлар вазирликлари томонидан умумжиноий ҳатти-ҳаракатларга қарши курашиш ва қидирув фаолияти соҳасидаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, ҳар икки томон ички ишлар органлари бўлинмаларининг терроризм, экстремизм ва ноқонуний миграция бўйича маълумот алмашинуви борасидаги фаолиятининг ҳозирги кундаги ҳолати ва келгусидаги истиқболи, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний савдосига қарши курашиш бўйича ўзаро ҳамкорлик ҳолати, уни такомиллаштириш йўллари муҳокама этилди.
Иштирокчилар икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва белгиланган соҳаларда тажриба алмашиш масалалари борасида фикрлашди.
Тадбир якунига кўра, 2018—2019 йил учун Ўзбекистон ва Қирғизистон ички ишлар вазирликлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги протокол, шунингдек, йиғилиш баённомаси имзоланди.
Изоҳ (0)