Тошкентнинг Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги қошида жамоат кенгаши — туманни ривожлантириш дастурларини амалга оширишда ҳокимликка ёрдам берувчи консультатив ва маслаҳат берувчи орган тузилмоқда. Бундай ташаббус Ўзбекистонда биринчи марта амалга оширилмоқда, деб ёзади «Газета.uz».
«Ҳамкорликнинг бундай шакли, бизнингча, халқ билан мулоқот ва жамоатчилик назоратини кучайтириш тамойилига бевосита жавоб беради», — дейилади ҳокимликнинг Facebook’га жойланган хабарида.
Кенгаш таркибига 21 кишини, шу жумладан, махсус онлайн-шакл орқали мустақил тарзда ёки туман фуқаролари томонидан номзоди қўйилган етти кишини киритиш режалаштирилмоқда. Бевосита туман ҳокимига бўйсунувчи давлат органлари вакиллари ва бюджет ишчилари кенгашга аъзо бўла олмайди.
Ўз номзодини қўйиши учун ҳокимлик туманнинг халқ таълими, жамоат хавфсизлиги, бизнес, санъат, фан, ёшлар каби йўналишлар бўйича жамоатчилик тараққиётига ўз ҳиссасини қўшишга тайёр бўлган фаол фуқароларини таклиф қилмоқда.
Ариза топшириш муддати — 6 март куни 16:00 гача. Шу куни кечқурун кенгаш таркиби эълон қилинади ва биринчи учрашувнинг кун тартиби ошкор этилади. У 9 мартга режалаштирилган.
Изоҳ (0)