Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида яшовчи Лазиза Умарова (исм-шариф шартли) ноқонуний хорижга чиқиш режасини пишитди. Бу ҳақда «Зарафшон» хабар бермоқда.
Шу мақсадда 2015 йилнинг 2 июль куни хорижга чиқиш-кириш тартибларини бузиб, Тошкент вилоятидаги «Ғишткўприк» божхона чегара маскани орқали Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрига борди. Шаҳарнинг баланд-пастини билмаган Лазиза бир неча кун сарсон бўлиб, иш қидирди. Шу орада қозоқлардан таниш орттирди. Омади келавермагач, ёрдами тегиб қолар, деган умид билан танишларига иш топишда қийналаётганини айтди.
Уларнинг чет элда ишлаш таклифи Лазизани қувонтирди. Таиланднинг Бангкок шаҳридаги «Алиф Лейла» ресторанига официант бўлиб ишга кирди. Орада уйига пул ҳам жўнатди.Кунларнинг шу зайлда ўтиши уни зериктирди ва орада Таиланднинг Нонг Кхай шаҳрига, кейин эса қўшни Лаос давлатига бориб келди. Бора-бора бу юришлар унинг «хобби»сига айланди.
Бироқ ҳар бир ишнинг интиҳоси бор. Лазиза Умарованинг ноқонуний «саёҳат»лари ўз ниҳоясига етди. У «Бангкок—Тошкент» йўналиши орқали Ўзбекистонга кириб келаётганида паспортидаги камчиликлар туфайли чегара ходимлари томонидан тўхтатиб қолинди. Ноқонуний ҳатти-ҳаракати учун унга 5 йил озодликдан чеклаш жазоси тайинланди.
Изоҳ (0)