2018 йилнинг январь ойидан бошлаб Ўзбекистон товар-хом ашё биржасида Қирғизистон ҳамда Қозоғистоннинг тошкўмир ва жигарранг кўмири сотила бошланди. Бундан мақсад иситиш мавсуми давомида спекулятив нарх ошишига тўсқинлик қилиш, деб хабар берди «Podrobno.uz».
Айни вақтда биржада турли маркадаги кўмирлар учун 17 та стандарт биржа шартномалари очиқ. Биржа савдоларида қатнашиш учун мазкур шартнома қийматининг 1 фоиздан 5 фоизгача бўлган маблағини бадал сифатида қўйиш лозим. Бошланғич нархи эса кўмирнинг маркасидан келиб чиққан ҳолда бир тоннаси учун 350 мингдан 700 минг сўмгача. Батафсил маълумотлар билан биржанинг сайтида танишиш мумкин.
«Икки ойдан камроқ вақт ичида биржа савдолари орқали 260 минг тоннадан ортиқ турли маркадаги импорт кўмирлар сотилди», — дейилади биржа хабарида.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президентининг «Мамлакат иқтисодиётининг тармоқларини талаб юқори бўлган маҳсулот ва хом ашё турлари билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан импортчилар айрим турдаги маҳсулотларни, жумладан, кўмирни ҳам божхона имтиёзларидан фойдаланган ҳолда биржа орқали сотишлари мумкин.
Изоҳ (0)