Бағдодда суд 17 ёшли германиялик Линда исмли қизни олти йиллик қамоққа маҳкум этди, деб ёзади «Корреспондент.net». Шунинг беш йили ИШИД террорчилик ташкилотига аъзолик учун, яна бир йили — Ироққа ноқонуний равишда келгани учун берилди.
Германиянинг Саксония ўлкасидаги Пульсниц шаҳрида яшаган Линда 2016 йил ёзида ислом динини қабул қилгач, тез орада уйидан қочиб кетган. 2017 йил ёзида эса бошқа бир нечта германиялик аёллар билан бирга Ироқ қўшинлари Мосулни ИШИД қўлидан озод қилган вақтда асир тушган.
Айни пайтда Германия федерал прокуратураси Линда ва бошқа германиялик аёлларга нисбатан террорчилик ташкилоти фаолиятида қатнашганлик гумони бўйича тергов олиб бормоқда. Аммо Германияда улар судланмаслиги тахмин этилмоқда. Германия адлияси аёллар эркаклардан фарқли равишда ИШИДга содиқликка онт ичмагани ва жанговар ҳаракатларда иштирок этмагани сабабли судлана олмайди, деган фикрда.
Ироқ ҳуқуқ-тартибот органлари маълумотларига кўра, мамлакатда 509 нафар чет эллик аёл 813 фарзанди билан қўлга олинган, уларнинг 300 нафари туркияликдир.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)