Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Доғистоннинг Кизляр шаҳрида православ черковига ҳужум қилган шахс мусулмон деб аталишга ҳақли эмаслигини айтди, деб ёзади «Ведомости».
«Мен Кизлярдаги қонли воқеадан ларзага келдим. Маҳаллий фуқаро томонидан ов милтиғи билан содир этган отишмада одамлар ҳалок бўлди ва жабрланди. Буни ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди», — деб ёзди Қодиров Telegram’даги каналида.
Чеченистон раҳбари фикрича, ўқотар на мусулмон ва на насроний. «У ҳеч бир динга алоқадор эмас. Диндор одам ҳеч қачон гуноҳсиз одамларнинг ҳаётига тажовуз қилмайди», — деб таъкидлади у.
Аввалроқ ИШИД гуруҳи Доғистоннинг Кизляр шаҳридаги ҳужум учун жавобгарликни ўз бўйнига олгани хабар берилган эди.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)