«Гита» тропик циклони Тонга қироллиги пойтахти Нукуалофа шаҳридаги 70 фоизга яқин уйлар ва турар жой биноларини вайрон қилди. Бу ҳақда Radionz’га таяниб, «Корреспондент.net» хабар берди.
«Бутун мамлакатга ёпирилган 4-даражали ‘Гита’ циклони вақтида унинг эпимаркази яқинидаги шамолнинг тезлиги сониясига 54 метрни ташкил этди. Айни вақтда ‘Гита’ ғарб томонга ҳаракатини давом эттирмоқда ва Фижи оролларига яқинлашиш учун куч тўпламоқда», — дейилади хабарда.
Ҳалок бўлганлар ҳақида ҳозирча маълумот йўқ, бироқ ўнлаб одамлар тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Кўплаб туманлар сув остида қолган, мамлакатда ичимлик суви танқислиги юзага келган. Шунингдек, таъкидланишича, «Гита» циклони Самоа ва Америка Самоаси оролларига ҳам бироз зарар етказган.
Тонга қироллиги Тинч океанининг жануби-ғарбий қисмидаги 170 та оролдан ташкил топган давлат. Мамлакатда 107 мингга яқин одам истиқомат қилса, уларнинг, тахминан, 70 фоиз пойтахт ҳисобига тўғри келади.
Изоҳ (0)