Сурхондарё вилоятида бир йўла учта олий таълим муассасаси филиалларининг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Давлат раҳбари 19–20 январь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи доирасида вилоят фаоллари билан учрашиб, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларида мавжуд муаммоларни бартараф этиш, кадрларга бўлган эҳтиёжни таъминлаш бўйича тегишли топшириқлар берди. Шунга мувофиқ, Тошкент тиббиёт академияси ва Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг Термиз, Термиз давлат университетининг Денов филиаллари ташкил этилиб, қисқа вақтда замонавий тарзда жиҳозланди. Бўлажак педагог ва тиббиёт ходимларининг соҳа сирларини пухта эгаллаши учун барча шароит яратилди.
Мутахассисларнинг фикрича, Сурхондарё вилоятида 1 минг 880 дан ортиқ малакали шифокорга эҳтиёж мавжуд. Тиббиёт муассасаларининг умумий амалиёт шифокорлари билан таъминланиш даражаси 48 фоиз. Бу бирламчи тиббиёт муассасаларида аҳолига сифатли хизмат кўрсатишда бир қатор муаммолар туғдирмоқда. Тошкент тиббиёт академияси Термиз филиалининг ташкил этилгани ушбу муаммоларни бартараф этиб, вилоят аҳолиси саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Термиз тиббиёт коллежи негизида иш бошлаган янги олий таълим муассасасида талабаларнинг соҳа сирларини қунт билан ўрганиши учун барча қулайлик мавжуд. Замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, тиббиётга оид асбоб-ускуналар, фантом ва муляжлар, лаборатория анжомлари билан жиҳозланди. Тошкент тиббиёт академияси аудиторияларида олиб бориладиган маъруза ва дарсларни тўғридан-тўғри кузатиб бориш имконини берадиган хоналари мавжуд иккита ўқув биноси билан таъминланди. Тиббиётга оид адабиётларга эга ахборот-ресурс маркази, ёпиқ спорт зали, 460 ўринли иккита талабалар турар жойи бўлажак шифокорлар хизматида бўлади.
Тошкент тиббиёт академияси Термиз филиалининг тантанали очилиш маросимида мамлакат тиббиёт соҳасининг атоқли олимлари, академиклар, тиббиёт олий таълим муассасалари раҳбарлари ва хорижий давлатлар тиббиёт олий таълим даргоҳлари вакиллари ҳам иштирок этди.
Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети Термиз ва Термиз давлат университети Денов филиалларининг очилиш маросимлари ҳам байрамона руҳда ўтказилди. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг Термиз филиалида беш йўналиш ва махсус сиртқи бўлимга 520, Термиз давлат университетининг Денов филиалига 700 га яқин талаба тўлов-шартнома асосида ўқишга қабул қилинди.
Изоҳ (0)