Россия президенти Владимир Путиннинг графигидан ҳар куни матбуотга хабар берилмайдиган кўплаб тадбирлар ўрин олади. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот котиби Дмитрий Песков «Россия 1» телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди. Шу тариқа у журналистнинг Россия етакчиси охирги марта қачон украиналик ҳамкасби Пётр Порошенко билан учрашганлиги ҳақидаги саволига жавоб берди, деб ёзади «MK.ru».
«Бу одатий амалиёт. Президентнинг ўнлаб турли учрашувлар, матбуот анжуманлари, баёнотлар, музокаралар ва ҳоказолардан ташкил топган иш кунини кўрсангиз, бу президентнинг иш куни шу билан чекланиб қолишини билдирмайди. У телевизорда кўрсатилганидан кўра анча бойроқ ва мазмундорроқ», — деди Кремль расмий вакили.
«Шу сабабли, ҳақиқатан ҳам, биз ОАВларга ошкор қилмайдиган учрашувлар ҳам бўлиб туради», — деб қўшиб қўйди Песков. Путинда журналистларга хабар қилинмаган телефон суҳбатлари бўлиш-бўлмаслиги ҳақидаги аниқлаштирувчи саволга матбуот котиби тасдиқ жавобини берди.
Шуниси қизиқки, орадан бир неча соат ўтиб, Песков «ТАСС» учун изоҳда ОАВ унинг айнан Путин ва Порошенконинг учрашуви ҳақидаги гапларини нотўғри талқин қилганлигини айтди. «Интервьюда мен бундай учрашувлар бўлгани ҳақида айтмадим», — деди Песков.
Изоҳ (0)