Наманганда чуқурлаштирилган тиббий кўриклар бошланди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.
Эндиликда тиббий кўриклар шунчаки, номига эмас, чуқурлаштирилган тартибда, уюшқоқлик билан ташкил этилмоқда. Унга янги йилнинг дастлабки ҳафтасидан барча шаҳар ва туманларда изчил киришилди. Аҳоли фаол иштирокини таъминлашда ҳокимликлар, хотин-қизлар қўмитаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди вакиллари тиббиёт ходимлари билан ҳамкорлик қилмоқда. Мазкур тадбирга вилоятнинг энг тажрибали ва малакали шифокорларидан таркиб топган бригадалар сафарбар этилган.
Чуқурлаштирилган тиббий кўриклар босқичма босқич олиб борилади. Биринчи бўлиб вилоятдаги туғиш ёшидаги аёллар саломатлиги 9 та тор соҳа мутахассислари иштирокида кўриб чиқилади. Касаллик аниқланганлари зудлик билан соғломлаштириш тадбирларига жалб қилинади. Шу мақсадда вилоятда фертил ёшдаги аёлларнинг маълумотлар базаси яратилди.
Тиббий жараёнга Наманган шаҳрида ҳам пухта тайёргарлик кўрилди. 102 та маҳаллада яшовчи туғиш ёшидаги аёллар тўлиқ рўйхатга олинди. 154 минг нафардан зиёд аёл чуқурлаштирилган тиббий кўрикка чақирилади. Уларга бир ойдан кўпроқ вақт мобайнида 13 та тиббий кўрик бригадалари хизмат кўрсатади.
Вилоятда чуқурлаштирилган тиббий кўрикнинг дастлабки босқичида оналар ва болалар саломатлиги текширувдан ўтказилаётган бўлса, кейинчалик мактаб ва коллеж ўқувчилари, талабалар, аҳолининг барча қатламлари қамраб олинади.
Изоҳ (0)