Лионель Мессининг «Барселона» билан имзоланган янги — 4 йиллик келишувида Каталония мустақиллиги бўйича алоҳида банд бор экани аниқланди. Бу ҳақда «Чемпионат» Испаниянинг El Mundo нашрига асосланиб хабар берди.
2017 йил имзоланган шартномага кўра, Мессининг товон пули 700 миллион евро этиб белгиланган. Яъни, «ПСЖ»га ўхшаш бирор бир клуб футболчини шартномаси бор ёки йўқлигига қарамай ўз сафига ўтишга кўндира олса, «Барселона»га шу пулни тўлаб, уни олиб кетиши мумкин.
Бироқ бунда биргина истисно ҳолат бор. Унга кўра, Месси кучли бешликда тўп суришни истайди. Агар Каталония мустақил бўлиб, «Барселона» кучли бешликсиз қолса, Месси ҳеч қандай товон пулисиз «Барселона»ни эркин агент сифатида тарк этиши мумкин. Шартномада кўрсатилишича, Каталония мустақил бўлган тақдирида ҳам «Барселона» ё Испания Ла Лигасидаги иштирокини давом эттириши керак ёки Англия, Германия, Франция чемпионатларидан бирига кўчиб ўтиши шарт. Қолганига Месси рози бўлмайди.
Аввалроқ «Барселона» президенти Жозеп Бартомеу Каталония мустақиллиги учун кураш иштирокчиларини клуб томонидан молиялаштиришга қарши чиқиб, референдум учун пул ажратмаслигини маълум қилгани борасида хабарлар пайдо бўлганди.
Изоҳ (0)