Пойтахт аэропортида Авиация хавфсизлиги хизмати ходимлари билан ҳамкорликда ҳаво йўллари орқали ўқ-дориларнинг ноқонуний олиб ўтилишига доир уринишлар фош қилинди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар бермоқда.
Божхона чегараларини кесиб ўтаётган жисмоний шахслар йўловчи божхона декларациясини тўлдираётганда, ундаги эслатмаларга алоҳида эътибор қаратишлари талаб этилади. Чунки, бу эслатмалар профилактика вазифасини бажариб, йўловчиларнинг билиб-билмай божхона қоидабузарликларини содир этишларининг олдини олишга хизмат қилади.
Аммо, Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Тель-Авивга парвози олдидан хорижий шахс Ф.Бахромованинг бепарволиги ўзи учун қимматга тушди.
Божхона назорати давомида ушбу шахсга тегишли рюкзак кўздан кечирилганда, унинг божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан туриб, 1 дона 5,45 мм калибрдаги патронни олиб чиқишга урингани фош бўлди.
Ваҳоланки, ушбу шахс йўловчи божхона декларациясига жиддийроқ разм солганида, ўқ-дориларнинг олиб ўтилишига фақат ваколатли органларнинг тегишли рухсатномалари бўлган тақдирда декларацияда мажбурий равишда кўрсатиш шарти билан рухсат этилишини билган бўларди.
Айни шу хатони такрорлаганларнинг навбатдагиси фуқаро О.Алексейдир. «Тошкент—Сеул» рейси бўйича парвозга отланган ушбу шахс ҳамда 1 дона 5,45 мм ва 1 дона 9 мм калибрдаги патронларни йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан туриб, олиб чиқишга уринган пайтда тўхтатиб қолинди.
Суриштирувлар давомида эса йўловчи эгнидаги курткасининг чўнтагидан топилган патронларнинг қаердан келиб қолганлигини гўёки билмаслигини таъкидлади.
Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 246-моддасига биноан, контрабанда, яъни божхона назоратини четлаб ёки божхона назоратидан яшириб, декларациясиз ўқ-дориларни Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан ўтказиш беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Изоҳ (0)