Қашқадарё вилоятининг Китоб туманидаги Хожа Бухорий мадрасасининг талабаси Нурислом Умбаров Қуръони Каримни тўлиқ ёддан ўқиб берди, деб хабар қилади «Azon.uz».
«Амалиёт ўташ учун Тошкент ислом институтидан шу мадрасага жўнатилган эди. Келган илк кунларидан бошлаб Қуръони Каримни топшира бошлади. Дастлаб 5 варақдан топширишни бошлаб кейин 10 варақдан топширди. Амалиётимнинг сўнгги кунида эса бир ўтиришда Қуръони Каримни тўлиқ ёддан ўқиб берди», — дейди нашр суҳбатдоши.
Нурислом саҳар соат тўртда Қуръонни ўқиб беришни бошлади. Шу вақтдан бошлаб дам олиш куни бўлса-да, талабалар хизматни бошлаб юборди. Бомдод намозигача 8 жуз ўқиб бўлинди. Бомдодни масжидда жамоат билан ўқиб бўлиб, талабалар тайёрлаб қўйган нонуштани тановул қилди. Қори бир жуз учун ўртача 22—20 минут сарфлади. Баъзи жузларда бир неча марта тўхталган бўлса, баъзи жузларда умуман тўхталмади. Кечки соат 16:30 да 30 пора Қуръонни тўлиқ ўқиб берди, дейилади хабарда.
Изоҳ (0)