Агар КХДР яна бир ядровий синовни ўтказадиган бўлса, АҚШ ва Шимолий Корея ўртасидаги урушнинг юз бериши эҳтимоли 70 фоизгача ошиши мумкин. Бу ҳақда республикачи-сенатор Линдси Грэм маълум қилди, дея хабар бермоқда «Корреспондент.net».
Унинг сўзларига кўра, агар КХДР янги ядровий синов ўтказиш ҳақида қарор қабул қилгудек бўлса, АҚШ президенти Дональд Трампнинг маъмурияти қасддан КХДРга биринчи бўлиб — Ким Чен Иннинг ихтиёрида АҚШга қадар етиб бора оладиган ядровий ракеталар пайдо бўлмаслиги учун — зарба беради.
«Ҳозирча биз ҳарбий йўлдан юришимиз эҳтимолини 10 дан 3 деб баҳолаган бўлардим. Агар шимолий кореяликлар қўшимча ядровий синов ўтказса, бу эҳтимол 70 фоизга чиқади, менимча», — деди Грэм.
Грэмнинг сўзларига кўра, у Шимолий Корея муаммосини якшанба куни президент Трамп билан гольф ўйнаётган чоғида муҳокама қилган.
«Шимолий Корея билан уруш — тузумга қарши ялпи уруш бўлади. Бунда жарроҳлик зарбасини бериш варианти йўқ. Уларнинг ядровий дастури ҳаддан ташқари сезиларли, жуда қатъий ва шу сабабли ҳам сиз энг ёмонига тайёр туришингиз керак. Шу боис ҳам, агар қачондир ҳарбий йўл танланадиган бўлса, бу шунчаки уларнинг ядровий қурилмаларини йўқ қилиш билан кифояланмайди — бунда у ердаги тузум бутунлай йўқ қилинади», — деди у.
«Биз ҳали ҳал қилувчи вазиятга қадар етиб борганимиз йўқ. Бироқ улар янги ядровий синов ўтказадиган бўлса, бошқа йўл қолмайди», — деди сенатор.
Грэмнинг фикрича, урушнинг олдини олиш учун «олдиндан ҳеч қандай шарт қўймай» музокаралар столига ўтирмоқ керак. «Урушнинг олдини олиш учун мен шунга тайёрман. Токи, шу давр тарихини ёзишаётганида: ‘Эҳ, Линдси, шу йигитча билан ҳам гаплашиб кўрсанг бўларди-ку’, деб ўпкалашмасин», — деди у.
Изоҳ (0)