Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси мамлакат аҳолисини 2020 йилда рўйхатга олишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда қўмита раиси Баҳодир Бегалов Халқаро пресс клубнинг навбатда йиғилишида маълум қилди. Ўзбекистон аҳолиси сўнгги бор 1989 йилда рўйхатга олинган эди, деб хабар берди «Газета.uz».
«2020 йилда бутун дунёда аҳолини рўйхатга олиш режалаштирилган. Биз ҳам ушбу йўналишда иш олиб бормоқдамиз. Бу анча оғир ва етарлича қимматга тушадиган жараён. Хориж тажрибаларига таянадиган бўлсак, мамлакатнинг бир нафар фуқаросини рўйхатга олиш жараёнига 3—4 АҚШ доллари сарфланади. Аҳолини рўйхатга олишдан олдин, бу қанчалик самарали эканини ва у қандай натижага олиб келишини олдиндан яхшилаб ўйлаб кўриш керак», — деди Баҳодир Бегалов.
Жорий йилнинг сентябрь ойи маълумотларига кўра, Ўзбекистон аҳолиси 32,5 миллион кишидан иборат.
Халқаро пресс клубнинг 29 ноябрдаги йиғилишида Давлат статистика қўмитаси раисининг ижтимоий статистика бўйича ўринбосари Маҳмуджон Зиёдуллаев эндиликда Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш ҳар 10 йилда амалга оширилишини таъкидлаган эди.
Изоҳ (0)