UNICEF томонидан 12 декабрь куни эълон қилинган ҳар йилги асосий ҳисоботда айтилишича, дунё бўйича интернет фойдаланувчиларининг учдан бир қисмини болалар ташкил этади. Бироқ шунга қарамай уларни рақамли дунёнинг хавф-хатарларидан ҳимоя қилиш ва хавфсиз онлайн ахборотлардан фойдаланиш имкониятини ошириш учун жуда оз чоралар кўрилмоқда, деб хабар беради ташкилотнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ахборот хизмати.
«Дунё болаларининг ҳолати 2017 йил: Болалар рақамли дунёда» номли ҳисоботда рақамли технологияларнинг болалар ҳаёти ва имкониятларига таъсир кўрсатиши, ундаги хавф-хатар билан бир қаторда имкониятлар ҳар томонлама таҳлил қилинади.
Унда таъкидланишича, болаларни янги хатарларга дучор қилган ҳамда миллионлаб энг заиф болаларни эътибордан четда қолдирган ҳолда, ҳукуматлар ва хусусий сектор ўзгариш суръатларидан ортда қолмоқда.
Ҳисоботда рақамли технологиялар ижтимоий энг заиф болаларга, хусусан ночорликда ўсаётган ёки гуманитар фавқулодда вазиятларда бўлган болаларга тақдим этиши мумкин бўлган имкониятлар кўриб чиқилади. Бундай имкониятлар ахборотдан фойдаланиш имконини кенгайтириш, электрон кўникмаларни ошириш ҳамда мулоқот ва фикр алмашиш учун платформалар яратишни ўз ичига олади.
Бироқ миллионлаб болалар бундай имкониятларга эга эмаслиги ҳам ҳисоботда айтиб ўтилади. Дунё ёшларининг учдан бир қисми, аниқроғи 346 миллион нафари интернетдан фойдаланиш имкониятига эга эмас.
Интернет болаларни турли хатарлар олдига қўйиши масаласи ҳам ҳисоботда кўриб чиқилади. Болаларнинг шахсий маълумотларини суиистеъмол қилиш, зарарли ахборотга эга бўлиш ва киберқўрқитиш шулар жумласига киради. Ҳисоботда таъкидланишича, мобил воситаларнинг кенг тарқалгани кўплаб болалар интернетдан фойдаланишини назорат қилиш кўпинча камайишига, натижада потенциал жиҳатдан хавфли бўлишига олиб келади.