АҚШнинг Анахайм шаҳри мезбонлик қилган оғир атлетика бўйича Жаҳон Чемпионати ўз якунига етди. Унда иштирок этган Ўзбекистон делегацияси ўз тарихида илк бор мундиални умумжамоа ҳисобида кучли учликда якунлади, деб ёзди МОҚ матбуот хизмати.
Ўзбекистонлик атлетлар Жаҳон Чемпионатида 5 та медални қўлга киритди. Достон Ёқубов барча рақибларидан яхшироқ натижа қайд этиб, шоҳсупа чўққисидан жой олди.
Қайд этиш керак, Ўзбекистон термасининг асосий юлдузи ҳисобланган Олимпиада чемпиони Руслан Нуриддинов машғулотларни эндигина бошлагани учун ҳам Жаҳон Чемпионатида иштирок эта олмаганди. Шунда ҳам ўзбекистонлик спортчилар тарихдаги энг яхши натижани қайд эта олди.
Делегация 2 та кумуш медални нишонлади. Аввалига Фарҳод Собиров, кейинроқ Иван Ефремов бу ишнинг уддасидан чиқа олди. МОҚ сайтида ёзилишича, Фарҳод Собиров ўз вақтида ёшлар ўртасида жаҳоннинг икки карра ғолиби бўлишга эришган спортчидир.
Иван Ефремов, шунингдек, бронза медалини ҳам қўлга киритди. Унинг қаторида Адҳам Эргашев ҳам 3-ўриндан жой олди.
Шу тариқа Ўзбекистон делегацияси Жаҳон Чемпионатини умумжамоа ҳисобида Эрон ва Жанубий Кореядан кейин кучли учликда якунлади. Энди мамлакат спортчилари 2018 йил Жакарта ва Палембанг мезбонлигида ўтадиган Осиё Ўйинларига тайёргарлик кўради.
Изоҳ (0)