4 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ҳаж сафарига боришни истовчилар учун қўйиладиган талаблар акс этган фатвони эълон қилган эди. Фатвонинг айрим ҳолатлари матбуотда ва ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлгани боис идора раддия берди.
«Аввало, мўмин-мусулмонлар ҳажни Аллоҳ таоло буюрган улуғ ибодат деб билмоқлари лозим. Бу ибодатнинг фарз бўлиши учун шариатда белгиланган шартлари мавжуд. Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Ҳаж ҳақида фатвони чиқаришдан кўзланган мақсад айнан мана шуларни мўмин-мусулмонларга яна бир карра етказиб қўйишдир», — дейилади мурожаатда.
Таъкидланишича, кейинги вақтларда ҳажга бораётганлар орасида уни ибодат деб билишдан кўра, орзу-ҳавасга айлантириб олаётганлар ҳам кўзга ташланмоқда. Баъзи кишилар ота-оналари ёки бирор яқин кишиларини ҳажга кузатиш ва кутиб олиш асносида дабдабабозликка ўтиб кетмоқда. «Ваҳоланки, бирорта ибодатни адо этган киши Аллоҳ таоло унинг ибодатини ҳузурида мақбул айлаганидан умидвор бўлиш билан бирга, қабул бўлмай қолмадимикан, деган ҳадик қалбининг бир чеккасида туриши лозим. Шунинг учун ҳам ҳажга боришга талабгорларнинг руҳий, маънавий ва ахлоқий томондан муносиб бўлишлари жуда ҳам муҳимдир».
Таъкидлаш жоизки, раддияда муқаддам матбуот диққатини тортган ҳолатлар — Ҳаж сафарига чиқишни истовчи шахслар жисмонан соғлом бўлиши, молиявий имкониятга эга бўлиши лозимлиги инкор этилмади, балки тушунтириб ўтилди. Таъкидланишича, молиявий томондан нафақат ҳаж сафари учун зарур бўлган маблағга эга бўлиш, балки оиланинг бошлиғи сифатида қарамоғидаги кишиларнинг нафақасини ҳам тўла-тўкис таъминлаб кетиш лозим.
«Баъзилар йиллар давомида рўзғор, бола-чақа нафақасидан қисиб-қимтиб ҳажга бориш ниятида маблағ йиғадилар. Ваҳоланки, уларнинг зиммасида ҳажга боришдан кўра фарзандлари, оиласи таъминоти вожиб эканига парво қилмайдилар. Бундан ташқари нисоб миқдоридаги маблағга эга бўлган киши йилда бир марта унинг закотини бериши фарз эканини ўйлаб ҳам кўрмайдиган, маблағни эса ҳаж учун жамғараётганини рўкач қиладиганлар ҳам учраб туради», — дейилади мақолада.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатвони нотўғри талқин қилган оммавий ахборот воситаларини қонун ҳужжатларини бузишда айблади:
«Мазкур фатвода ҳаж ибодатига бориш ҳақида фақат тушунтириш ва тавсиялар берилган бўлиб, бу ҳажга борувчи фуқароларимиз учун энг муҳим жиҳатлар ҳисобланади. Буни нотўғри талқин қилаётган айрим оммавий ахборот воситалари эса соҳага оид бир қатор қонун ҳужжатларини қўпол равишда бузган ҳисобланадилар».
Изоҳ (0)