Хоразм вилоят давлат солиқ бошқармаси ташаббуси билан Қўшкўпир ва Хива туманларида бўш иш ўринлари ярмаркалари ташкил этилди. Бу ҳақда «Дарё»га бошқарма матбуот хизмати маълум қилди.
Ярмаркаларда Қўшкўпир, Хива туманлари ва Хива шаҳрида фаолият юритиб келаётган 165 корхона ва ташкилот 500 дан ортиқ бўш иш ўринлари билан қатнашди.
«Бундан 4 йил аввал Хива туман тиббиёт коллежини тугатганман. Бугунги кунга қадар бир неча жойга иш сўраб мурожаат қилдим, лекин амалий натижага эришолмадим. Мазкур ярмаркада тумандаги 40-сонли мактабга ҳамшира бўлиб ишга жойлашдим. Бу каби тадбирлар биз ёшларга катта кўмак беришига ишонч ҳосил қилдим», — дейди қўшкўпирлик Ибода Қутлиева.
«Бўш иш ўринлари ярмаркаларининг ташкил этилиши чиндан ҳам қишлоқ ёшларига амалий ёрдам бермоқда. Бундан ташқари, бизга бириктирилган жами 100 та маҳаллада уйма-уй юриб, энг қуйи бўғин – қишлоқлардаги долзарб муаммоларни аниқлаш, уларни жойида бартараф этиш, туман ва вилоят миқёсида ҳал қилиниши керак бўлган масалалар юзасидан таклифлар тайёрлашга эришилмоқда. Натижада жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ишсиз фуқароларни иш билан таъминлаш, қиш-баҳор мавсуми учун озиқ-овқат маҳсулотларини захира қилиш, аҳолини суюлтирилган газ баллонлари ва кўмир билан таъминлаш масалалари бевосита маҳаллаларнинг ўзида ҳал этилиши таъминланмоқда», — таъкидлади вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Жаҳонгир Темуров.
Ярмаркаларда иштирокчилардан 63 нафарига ишга йўлланма берилди, 40 нафари касбга ўқитиш курсларига жалб қилинди. 300 нафарга яқин коллеж битирувчиси ўз мутахассислиги бўйича керакли тавсиялар олди.
Изоҳ (0)