ИШИД террорчи гуруҳи аъзоларининг болалари ва хотинлари охирги вақтларда Сурия ва Ироқдан Германияга қайтмоқда. Улар мамлакат учун таҳдид туғдириши мумкинлиги ҳақида конституцияни ҳимоя қилиш идораси раҳбари Ханс-Георг Масен DPA’га берган интервьюсида маълум қилди.
«Минтақадаги вазият туфайли жанговар ҳаракатлар иштирокчилари оила аъзоларини хавфсиз жойга — Ғарбга жўнатиш ҳақида ўйламоқда. Гап немислар ҳақида кетганда, улар федератив республика ҳудудига кириш ҳуқуқига эга», — деди у.
«Айрим болалар ИШИД ҳудудидаги мактабларда йўлдан урилган ва радикаллашиб кетган. Бу биз учун муаммодир, негаки болалар ва ўсмирлар баъзан хавфли бўлади», — қўшимча қилди Масен.
Унинг сўзларига қараганда, охирги йилларда ИШИД ҳудудида яшаган аёллар ҳам хавф туғдириши мумкин:
«Улар кўпинча ИШИДнинг радикал мафкурасига қўшилади. Бу улар теракт уюштиришга тайёр дегани эмас, лекин улардан кўз узмаслик керак».
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)