Ғазодаги фаластинлик талабаларга ўрта мактабни тугатиш якуний имтиҳонларини топширишга рухсат берилди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.

Июль ойи бошида таълим вазирлиги 19 июль кунидан бошлаб имтиҳонлар ўтказилишини маълум қилганди. Бу имтиҳонлар 2023 йил октябрь ойида Исроил Ғазога уруш бошлаганидан бери биринчиси бўлади.
Вазирлик электрон шаклда ўтказиладиган имтиҳонни топшириш учун 1,5 мингга яқин талаба рўйхатдан ўтганини маълум қилган. Баъзи талабалар онлайн, бошқалари эса одатдаги тартибда имтиҳондан ўтади.
Уруш бошланганидан кейин Ғазодаги кўплаб ўқув муассасаларининг фаолияти тўхтатилганди. Шу сабаб таълим махсус онлайн платформалар орқали базўр олиб борилаётганди. Ушбу имтиҳонлар билан сектордаги таълим тизими ҳам қайта ишга тушиши режалаштирилган.
“Биз имтиҳонларни онлайн топширяпмиз, лекин бу осон бўлмаяпти. Интернет заиф, кўпчилигимизда қурилмаларнинг етишмовчилиги бор. Тест топшириш учун хавфсиз жой катта муаммо бўлмоқда. Китобларимиз ҳам бомбардимонларда ёниб кул бўлган”, деди талабалардан бири.
БМТ маълумотларига кўра, Ғазодаги уруш таълим инфратузилмасининг 95 фоизи вайрон бўлишига ва 660 мингдан ортиқ боланинг билим олишдан узилиб қолишига олиб келган.
Изоҳ (0)