Хитойда аёл пластик операциялар ва ҳашаматли ҳаёт учун 2,4 миллион доллар ўғирлагани фош бўлди. Бу ҳақда South China Morning Post хабар берди.

41 ёшли Ванг Жинг тахаллусига эга аёл Шанхайда гул ва боғ хизматлари билан шуғулланувчи компанияда кассир бўлган. Компания эгаси Ху исмли шахс бўлиб, у Ванг билан биргаликда интернет-банкинг тизимини ўрнатган. Назорат тўлиқ аёлга топширилган. Ху мустақил бухгалтерия фирмасини ёллаб, молиявий ҳолатни телефон орқали кузатиб борган.
Бироқ аёл яширинча компания ҳисобини шахсий ҳисобига айлантириб, ундан ўз хоҳишича фойдаланган. Энг катта бир марталик ўзлаштирув 30–40 минг юан (4 100–5 600 доллар) атрофида бўлган. Умумий ҳисобда у олти йил давомида 17 миллион юан (2,4 млн доллар) ўзлаштирган.
Вангнинг расмий ойлиги 8 минг юанни (1 100 АҚШ доллари) ташкил этган. У ўғирланган пулларни ҳашаматли ҳаёт тарзини юритиш ва йилига тўрт марта пластик операциялар қилиш учун сарфлаган. Ҳар бир жарроҳлик сеанси унга 300 минг юанга (42 минг долларга) тушган.
Ванг ижтимоий тармоқларда бой аёл образини яратиш учун йилига 2 миллион юан (278 минг доллар) сарфлаган. У 100 минг юандан ошадиган олмос билакузуклар ва тимсоҳ терисидан тикилган чекланган сумкаларни харид қилган. Бундан ташқари, Макаудаги казиноларда қимор ўйнаб, қарийб 3 миллион юан ютқазган.
Мен фақат чиройли кўринишни хоҳлаганман. Ҳеч қачон эркакларга пул сарфламаганман. Мақтовлар ёқади, ёш кўринишни истайман, деган Ванг сўроқ пайтида.
Фирибгарлик 2024 йил июль ойида солиқ идорасининг компанияга режасиз ташрифи давомида фош бўлган. Текширув чоғида солиқ декларациялари билан ҳақиқий молиявий ҳужжатлар орасида тафовут аниқланган.
Ўша вақтда компания ҳисобида пул қолмаган. Ху ишчиларнинг ижтимоий суғуртасини шахсий ҳисобидан тўлашга мажбур бўлган. Шанхайдаги Чангнинг туман прокуратураси Вангга нисбатан маблағ ўзлаштириш ва фирибгарлик моддаларига кўра расмий айблов қўйган. Ҳозирда суд жараёни давом этмоқда.
Изоҳ (0)