Тошкентнинг Талабалар шаҳарчасида Инновацияларни татбиқ этиш илмий-амалий маркази барпо этилади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонда етакчи соҳа ва тармоқларни инновацион ривожлантириш, инновацион ғоялар ва технологияларни ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш юзасидан изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Президентнинг 2017 йил 29 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигини ташкил этиш тўғрисида»ги фармони бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Ўзбекистонда илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятининг истиқболли ютуқларини тарғиб қилиш, бу борада самарали механизмларни ишлаб чиқиш, илмий-экспериментал ихтисослашган лабораториялар, юқори технологик марказлар, технопарклар ва бошқа инновацион тузилмаларни мустаҳкамлаш янги вазирликнинг фаолият йўналишларидандир.
Инновацияларни татбиқ этиш илмий-амалий марказида бунинг учун барча шароит яратилади. Вазирлик ҳам шу марказда жойлашади.
Ушбу муассасада илмий-консултатив, иқтисодиёт тармоқлари инновацион эҳтиёжларини ўрганиш, ёшлар инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш хизматлари, масофавий таълим курслари йўлга қўйилади. Иқтидорли ёшлар бу ерда янги ишланма ва технологиялар билан танишиш баробарида старт-ап лойиҳаларида иштирок этиш имкониятига эга бўлади.
Президент бу марказни ёшлар ва бутун зиёлилар қатлами учун янада қулай қилиб лойиҳалаштириш, ҳудудда инновацион ютуқлардан фойдаланган ҳолда шароитлар яратиш бўйича муҳим топшириқлар берди.
Изоҳ (0)