Уэльснинг Ньюпорт шаҳрида яшовчи Жеймс Хоуэллс сўнгги тўрт йилдан буён маҳаллий ахлаттепадан 7,5 мингта биткоин бўлган қаттиқ дискини қидириб топиш умидини йўқотмаяпти, уни эркакнинг ўзи 2013 йилда ташлаб юборган эди, деб ёзади Afisha Daily.
Омадсиз эркак The Guardian журналистига гапириб беришича, 7,5 мингта биткоинни у 2009 йилда бир неча ой ичида йиғишга улгурган. Ноутбуки шовқин билан ишлаб, қизиб кета бошлагач, қаттиқ дискини алмаштирган ва у бир неча йил давомида стол тортмасида турган. 2013 йил ёзида эса Жеймс диск унга бошқа керак бўлмаслигига ишонган ҳолда, уни ахлатга ташлаб юборган.
Ўша вақтда биткоин курси тахминан 1240 долларни ташкил қилган, яъни столи тортмасида қарийб 9 миллион доллар ётган. Уч ойдан сўнггина у қаттиқ дискдаги рақамли ҳамёнда криптовалюта сақланганини эслаб қолди.
2013 йил ноябрида у қаттиқ диски келиб тушган ахлаттепани топди, аммо ҳукуматнинг рухсатисиз қидиришни бошлай олмай турибди. Мансабдорлар эса қидирув кўп сонли кишиларни жалб қилиши ва кўп миллионли харажатларни талаб қилиши туфайли, рухсат беришга шошилмаяпти. Хоуэллс қаттиқ диски қайта ишлашга тушмагани ва ҳамон футбол майдони катталигидаги ахлаттепада эканлигига ишонч билдирмоқда.
Изоҳ (0)