Имом инсонларни тўғри йўлга бошловчи ёки эзгу ишларга йўллайдиган шахсдир, деб ёзади Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фарғона вилояти вакиллиги сайти.
«Имом» арабча сўз бўлиб, тўғри йўлга бошловчи, пешво маъносини билдиради. Шунингдек, ўзида савоб ишларни мужассам қилган инсон маъносини ҳам англатади. Демак, бир сўз билан айтганда, имом кишиларни эзгу мақсадлар сари етакловчи ва ҳидоятга йўлловчидир.
Фарғона вилоятининг Қўштепа туманида фаолият кўрсатаётган масжид ходимлари билан бўлиб ўтган учрашувда айни шу масалалар ҳақида сўз борди.
Учрашувга ташриф буюрган вилоят бош имом-хатиби Т.Эрбўтаев ўз маърузасида ислом тинчлик дини эканлиги ва унинг терроризмни қоралаши, дунёнинг турли бурчакларида содир бўлаётган бузғунчилик ва хунрезликлар исломдан эмаслигини кенг таъкидлади.
Шунингдек, диний мутаассиблик, ақидапарастларнинг пуч даъволарига раддиялар, улар томонидан динни ниқоб қилиб олиб, дин таълимотларини нотўғри талқин қилиши, ислом дини фақат тинчлик ва эзгуликка, ўзаро меҳр-оқибат, бағрикенгликка чорловчи дин эканлигини муборак мавлид ойида халққа тушинтириш ишларини янада жадаллаштириш лозимлиги яна бир бор қайд этилди.
Изоҳ (0)