«Kommersant.uz» молиячи-эксперт Мансур Тангишовнинг биткоин криптовалютаси ҳақидаги мақоласини чоп этди.
Биткоин криптовалютаси нима ўзи ва у қандай вужудга келган? У қайси давлат ёки ташкилот томонидан бошқарилади? Унда тўловлар қандай амалга оширилади? Нима учун унинг қиймати кун сайин ортиб бормоқда? Уни қандай сотиб олиш мумкин, деган саволлар бугун, деярли бутун дунёнинг йирик сармоядорларидан тортиб оддий аҳолисигача қизиқтираётгани ҳеч кимга сир эмас.
Барча фикр пул ва унинг атрофида экан, юқоридаги саволларга жавоб беришдан олдин, аввало пул ва унинг турлари ҳақида қисқача маълумот бериш ўринли, деб ўйлаймиз.
Пул – бирор бир мамлакатнинг ёки келишув асосида бир нечта давлатнинг товар ва хизматлар олди-сотдиси учун умумий эквивалент сифатида қабул қилинадиган валюта бўлиб у қоғоз, металл ёки электрон кўринишда бугунги кун иқтисодиётида амал қилади. Валютанинг энг муҳим жиҳатларидан бири унда эмиссия қилувчи (пул чиқарувчи) бирор бир муассаса (Ўзбекистонда бу Марказий банк) белгиланади ва тегишли қонунга мувофиқ тўловларда белгиланган ҳудудларда ўз қийматида қабул қилиниши қатъий белгиланади. Бугунги кундаги пуллар фиат пуллар (номинал қиймати реал қийматидан катта фарқ қиладиган пуллар) ҳисобланиб, уларни муомалага чиқариш учун сарфланадиган харажатлар одатда пул устида кўрсатилган қийматдан анча арзон бўлади (Масалан, АҚШда 100 долларлик купюрани чиқариш учун 14 центлик харажат кетади).
Ярим аср олдин пулларнинг қиймати олтин билан таъминланган бўлса, бугунги кунга келиб, улар мамлакатда яратилган маҳсулот ва хизматлар умумий йиғиндиси билан таъминланиши белгиланган. Бироқ, нақдсиз пуллар билан амалга ошириладиган ҳар бир транзакция (пул ўтказишлари амалиёти) бевосита бирор бир молия муассасаси орқали амалга оширилиши йўлга қўйилган. Бунда ўзига хос назорат йўлга қўйилган бўлиб, хавфсизлик ва кўрсатилган хизматлар учун молиявий воситачилар (банклар, биржалар ва б.) комиссион ҳақ олиб қолиши белгиланган. Тўғри, нақд пул билан ҳеч қандай ҳақ тўламасдан тўғридан тўғри тўловларни амалга ошириш мумкин, бироқ бу йирик битимларда ва узоқдаги ҳамкорлар билан амалга ошириладиган тўловлар учун жуда ноқулай ҳисобланади. Устига-устак нақд пулларнинг қалбаки бўлиб чиқиш хавфи ҳам мавжуд.
Йигирма биринчи аср ахборот технологиялари асри бўлгани учун компьютер ва интернет технологиялари шиддат билан ривожланиши оқибатида тўловларни мукаммаллаштириш ва тобора осонлаштириш устида бир қанча ишлар олиб борилди. Анъанавий тўлов инструментлари бўлмиш мамлакатлар валютаси билан бўладиган интернет тармоғи орқали мамлакатлараро тўловларда бир қанча ўзига хос муаммолар мавжуд эди.
Булар:
- Тўловни амалга оширишда албатта банклар томонидан белгиланган юқори комиссион ҳақни тўлаш;
- Томонларнинг тўлиқ реквизитлари (манзили, ҳисобрақами, Ф.И.Ш. ва б.) ўзаро олди-сотди қилаётган шахслардан ташқари албатта учинчи томонга (банк) маълум бўлиши;
- Тўловларни марказлашган ҳолда қайсидир ташкилотлар томонидан бошқарилиши;
- Айрим ҳолатларда тўловларни амалга оширилгач, бекор қилиш ҳам мумкинлиги туфайли сотувчи ҳам ишонч ҳосил қилиш учун кўпроқ маълумотлар сўраши керак бўлади ва бошқа ҳолатлар.
Биткоин криптовалютаси — бу ишончга эмас, балки криптографик кодлаш тизимига асосланган, ўзаро ҳеч қандай воситачиларсиз (банк ёки бошқа молиявий инструментлар) тўловларни бевосита иштирокчилар ўртасида амалга оширилишини таъминловчи тўлов тизими валютасидир. Бунда назорат қилувчи органларсиз, тангаларнинг ҳақиқийлиги мураккаб математик алгоритмлар асосида тасдиқланадиган тизим амал қилган ҳолда иштирокчиларнинг ҳар бири ушбу тангаларни эмиссия қилиши ҳам мумкин.
Биткоиннинг ўзига хос жиҳатлари:
- Марказлашмаган тизим – бунда ҳар бир иштирокчи тенг ҳуқуқ ва имкониятларга эга;
- Ҳисоб-китобларнинг тўлиқ шаффофлиги – ҳар бир иштирокчи барча транзакцияни кўриши мумкин;
- Назоратнинг йўқлиги – ҳеч бир давлат ёки ташкилот тизим ичидаги операцияларни назорат қила олмайди;
- Сирлилик – тизим иштирокчилар ҳақидаги маълумотларни тасдиқланишини сўрамайди;
- Тангаларни эмиссия қилиш чекланган – жами бўлиб 21 000 000 BTC (биткоин тангаси) чиқарилади;
- Баланс икки ёқлама ёзув асосида бўлмайди, балки барча транзакциялар хронологик тартибда барча иштирокчиларда кўринади;
- Инфляцияга учрамайди, қиймати талаб ва таклифга қараб ўзгаради;
- Юридик жиҳатдан ҳеч қандай асос мавжуд эмас.
Ҳар бир иштирокчи ўзи амалга оширадиган транзакцияни оммавий калит ва махфий калити орқали амалга оширилиши кўзда тутилади. Оммавий калит орқали бўладиган ҳаракатлар ва транзакциялар умумий тизимда барча иштирокчилар томонидан қайд этиб борилади. Махфий (ёпиқ) калит орқали келиб тушган пул маблағлари ёки чиқиб кетадиган пул маблағлари тасдиқланади. Бу транзакцияларни амалга ошириш ва умуман бошқа ҳар бир транзакцияни ишлов берган ҳолда сақлаб олиш учун замонавий юқори кўрсаткичли параметрларга эга бўлган (видеокарта ишлов тезлиги ва процессор частотаси юқори бўлган) компьютерлар ва интернет бўлиши талаб этилади. Тўлиқ кучланишда ишлаши учун эса компьютерлар кўпроқ энергия сарфини талаб этади. Ушбу харажатларни сарфлаш орқали иштирокчилар нимага эришади, деган саволга қуйидагича жавоб бериш мумкин.
Иштирокчилар бунинг учун рағбатлантириш сифатида янги биткоин тангалари ёки комиссион ҳақ олиш имконига эга бўлади. Аслида иштирокчилар сони қанча кўпайгани сари биткоин тангаларини яратиш ҳам шунча қийинлашиб бораверади. Буни иштирокчилар худди олтин қазиб олгани сингари «Майнинг қилиш» деб номлашади. Бугунги кунга келиб майнинг қилиш учун бутун бошли заводлар биноларидан фойдаланган ҳолда доимий равишда ишлаб турувчи йирик серверлардан иборат ўзига хос «майнинг фермалари» яратилган. Ким аввалроқ шу ишга қўл урган бўлса, ҳозирда барча харажатларини қоплаган ҳолда, бир неча миллион долларлик даромадга эга бўлган. Бироқ ким кеч бошлаган бўлса, уларда бу харажатлар ҳали қопланмаган.
Юқорида биткоин билан амалга ошириладиган тўловларнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида маълумот берилди.
Энди нима учун унинг қиймати сўнгги вақтларда юқори суръатлар билан ошаётгани ҳақида тўхталсак. Аслида биткоин тангаларини яратиш учун сарфланадиган харажатлар бунчалик катта эмас, бироқ худди олтин ёки нефтни қазиб олишдаги ташкилотлар кўпайиши ва ушбу ресурсларнинг камёб топилиши боис нархи ошгани сингари биткоинни ҳам сўнгги вақтларда майнинг орқали ҳосил қилиш мураккаблашган ҳолда бутун бир бошли «майнинг фермалари»даги бир неча кунлик тўхтовсиз амалиёт натижасида бор-йўғи бир нечта биткоин ҳосил бўлаётгани ҳамда биткоинлар максимал сони чегаралангани (21 000 000) нархнинг кўтарилишига туртки бўлмоқда. Бироқ бундан бошқа яна энг катта сабаблардан бири биткоинни Хитой, Япония ва Жанубий Корея сингари ривожланган мамлакатлар иқтисодиётида расман тўлов воситаси сифатида қабул қилиниши ушбу биткоин тангаларига нисбатан талабни чунонан кучайтирдики, 2017 йилнинг ўзида йил бошига нисбатан 510 фоизлик ўсиш кўрсаткичига эришилди (998 АҚШ долларидан 5000 АҚШ долларигача ўсди).
Бугун дунёдаги етакчи биржалар ва йирик банклар ҳам биткоиннинг олди-сотдисини трейдинг тизимида йўлга қўйишларига тўғри келмоқда. Гарчи криптовалюталарнинг гуркираб ривожланиши бутун жаҳон молиявий-иқтисодий тизимига катта таъсир қилган ҳолда мавжуд бўлган тизимни йўқ бўлиб кетишига сабаб бўлиши мумкин бўлса ҳам, айни пайтда катта даромад кўриш истагида бўлган инвесторлар биткоиннинг ривожланишидан манфаатдор бўлишмоқда. Шунингдек, биткоин тангаларини гуркираб ривожланишидан энг кўп манфаат кўрувчи инсонлар – бу яширин иқтисодиётда фаолият юритувчи инвесторлардир. Айнан шунинг учун ҳам ҳозирда бир нечта иқтисоди ривожланган давлатлар биткоин орқали турли ноқонуний ва жиноий фаолиятларнинг ривожланиб кетиши олдини олиш мақсадида биткоинни тўлов воситаси сифатида қабул қилмаяпти.
Биткоинни харид қилиш масаласига тўхталадиган бўлсак, ҳозирги вақтда уни бир нечта махсус биржалар ва умуман ҳар қандай биткоинга эга бўлган иштирокчидан тўғридан-тўғри сотиб олиш йўллари мавжуддир. Унда биткоиннинг қиймати иштирокчилар ўзаро келишган нархда амалга оширилади. Тўловлар агар биржалар орқали амалга оширилса, халқаро VISA, Master Card карталари орқали ва Webmoney, Qiwi, Perfect Money, Advcash, Payeer, Paypal ва бошқа электрон ҳамёнлар орқали сотиб олиш мумкиндир.
Қуйида биткоин ва криптовалюталар бўйича энг кўп бериладиган саволларга жавоблар билан танишишингиз мумкин:
—Биткоинларни ҳеч ким ўғирлай олмаслиги ростми?
—Йўқ, рост эмас. Биржа эгалари томонидан оммавий ўғриликлар бўлганлиги ва хакерлар хужуми натижасида биткоинлар йўқотилгани ҳолатлари кузатилган.
—Биткоинларни ҳеч ким олиб қўя олмаслиги ростми?
—Йўқ, биржанинг қарорига кўра жамлаб қўйилган тангаларидан айрилган ҳолатлар бўлган.
—Курс ҳар доим ўсиб борадими?
—Барчаси амалдаги шарт-шароитга боғлиқ. Биржадаги қаллобликлар, фойдаланувчилар ва мамлакатларнинг турли хатти-ҳаракатлари курсни кўтариши ва худди шу тартибда тушириши ҳам мумкин.
—Расмий криптовалюталар пайдо бўлса нима бўлади?
—Унда расмий криптовалюталар амалдаги криптовалюталарда айланаётган пулларни ўзига тортиб олиши мумкин. Чунки унинг ишончлилик ва ҳимояланганлик даражасига нисбатан ишонч юқори бўлади.
—Майнинг қилишда мен ҳеч нарса ютқазмайманми, доимо фойдага ишлайдими?
—Афсуски, бозордаги видеокарталарнинг сифати турлича бўлиб, уларнинг барчаси ҳам кўзланган даромадни бермаслиги мумкин. Айниқса агар майнинг жараёни кеч бошланадиган бўлса ҳаттоки сарфланган харажатларни қоплай олмаслиги ҳам ҳеч гап эмас.
—Видеокарталар нархларининг кўтарилиши қачонгача давом этади?
—Бу нархлар аввалги ҳолига қайтиши учун яна камида ярим йил керак бўлади. Дарҳақиқат майнинг қилиш бошлангандан бери видеокарталар нархи икки-уч баравар қимматлашди. Бироқ оддий видеокарталар нархи эндиликда эски нархларида қолиши кўзда тутилади. Янги махсус майнинг учун мўлжалланган видеокарталарнинг бозорга кириб келиши эса рақобат натижасида олдинги нархлардан фарқ қилиши мумкин.
—Криптовалюталар портлаши қачонгача давом этиши мумкин?
—Токи халқаро молия институтлари аралашмагунга қадар. Агар криптовалюталар халқаро тан олинадиган бўлса, қонуний асосга эга бўлади ва ҳозирги эркинликнинг бир қисмидан маҳрум бўлинади.
Юқорида таъкидланган фикрларга қарамасдан блокчейн ва криптовалюталар замонавий техноген жамияти ривожланишида ва ягона жаҳон ҳамжамияти тараққиётида муҳим аҳамият касб этади. Шуни эсдан чиқармаслик керакки, алгоритмлар эгалари, видеокарталар ишлаб чиқарувчилари, чайқовчилар ва биржа эгалари олаётган ушбу тангалар орқасида эркин конвертация қилинадиган долларлар турибди.
Бундан кейин нима бўлишидан қатъи назар айнан улар ютуққа эга бўлади. Агар хоҳласа у ёки бу алгоритмни ёпиб қўяди, хоҳласа маълум бир қисм тангаларни чиқариб олишади ёки рағбатлантириш ҳисоб-китоби ва ўйин қоидаларини ўзгартиради.
Агар хоҳласа фойдаланувчиларни йиғилган бойликларининг бир қисмидан маҳрум қилади (масалан, ўз фойдаларига ўзлаштириш орқали).
Ҳар йили 22 май куни барча биткоин эгалари Биткоин пицца куни (Bitcoin Pizza Day)ни нишонлайди. Айнан шу кун 2010 йилда чехиялик Лазло Ханеш биткоинга дастлабки ҳақиқий савдони амалга оширган. У ўз дастурчи ўртоғига 10 000 биткоин ўтказиб берган ва ўртоғи ўз навбатида Papa John’s ресторанидан иккита пицца буюртма қилган. Ўша вақтда бир биткоин 0.003 АҚШ долларига тенг бўлган ва иккита пиццанинг жами қиймати 30 доллар бўлган. Тақдирни қарангки, бугунги кунда бир биткоиннинг нархи 4600 доллардан ошмоқда. Мана биткоиннинг долларга нисбатан қудрати қанчалик юқори эканлиги исботи.
Агар сиз 2010 йилда 0.003 курс бўйича 100 долларга биткоин сотиб олганингизда бугунги кунга келиб унинг қиймати 153 миллион доллардан ошган бўлар эди.
Бироқ биткоин ягона криптовалюта эмас, бошқа бир қанча турдаги ўзига хос криптовалюталар ҳам мавжуд бўлиб, улар ҳақида кейинги мақолада батафсил тўхталамиз.
Изоҳ (0)