Балининг энг баланд нуқтаси — Агунг вулқонининг уйғониши августда қайд этилди, 120 мингга яқин киши ўтмишдаги фожиавий воқеалар такрорланишидан хавфсираб, ўз бошпаналарини тарк этди, деб ёзади National Geographic.
Минг йиллик тарихга эга 3142 метрли вулқон бор-йўғи тўрт марта отилган, аммо бу ҳар сафар ҳалокатга айланиб кетарди. 1963—1964 йиллардаги сўнгги вулқон отилиши 1100 дан ортиқ одамни ҳаётдан олиб кетди, юзлаб одамлар жароҳатланди, ўн минглаб кишилар бошпанасиз қолди.
2017 йилнинг октябрига келиб, вулқон фаоллиги пасая бошлади ва ҳукумат хавф даражасини туширди. Аммо 21 ноябрь куни вулқон оғзидан 700 метрли тутун кўтарилди; яқин орадаги бешта аҳоли пунктидаги кўчалар ва уйлар вулқон кули остида қолди.
1963 йилда вулқон 10 км баландликка кул отиб чиқариб, бир йилга яқин вақт фаол бўлиб қолган эди. Айни пайтда вулқоншунослар Агунгнинг фаоллиги даражасини 3 (максимал даража — 4)га баҳоламоқда. Одамларга вулқондан 6 км радиусдаги ҳудудлардан узоқ юриш тавсия этилмоқда.
Изоҳ (0)