Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Сергели туманида фойдаланишга топширилган янги мактабни бориб кўрди. Замонавий талаблар асосида бунёд этилган 630 ўринли 55-сонли мактабда ўқувчилар ва ўқитувчилар учун барча шароит яратилган, деб хабар берди ЎзА.
Сергелида барпо этилган мазкур мактабда ўқувчиларнинг уйларига ўз вақтида бориб келиш, сифатли таълим олиши каби ҳолатлар билан боғлиқ барча жиҳатлар эътиборга олинган. Ота-оналарнинг таъкидлашича, уйларнинг ойнаванд қисмлари мактаб тарафга қаратилган бўлиб, бу болаларнинг мактабга қатнаши, танаффус пайтида ҳам уларга кўз қулоқ бўлиб туриш учун қулайдир. Бундан ташқари, болалар қорли-қировли кунларда ҳам мактабга транспорт воситаларига чиқмасдан бориб келиш имкониятига эга бўлади.
Шавкат Мирзиёев мактаб билан танишар экан, таълим-тарбия соҳасида олиб борилаётган ишларни янада кучайтиришда бу каби лойиҳалар муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистон Президенти шу ерда Сергели тумани фаоллари, нуронийлар, ёшлар, жамоатчилик вакиллари, янги уй соҳиблари билан учрашди. Учрашувда жамиятдаги тинчлик-осойишталик, аҳолига яратилаётган шароитлар, янги иш ўринлари яратиш тўғрисида сўз юритилди.
Изоҳ (0)