Ҳар антарктик баҳор ва ёзда NASA махсус самолётлар ёрдамида қитъа устидан учиб ўтиб, глобал исиш унинг ландшафтига қандай таъсир кўрсатаётганини кузатиб боради, деб хабар берди «Hi-tech.mail.ru».
NASA’нинг P-3 Orion разведка самолёти Аргентинанинг Ушуайи шаҳридан учиб, Ларсен С музлигини ва ундан ажралиб чиққан улкан айсбергни тадқиқ қилиш учун ҳавога кўтарилди.
А-68 дея номланган улкан муз парчаси жорий йилнинг июнь ойи бошида мустақил сузишни бошлаган эди. Ўшандан буён у анчагина йирик бўлакларидан ажралиб, бироз «озди».
NASA айсбергнинг суратини ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига жойлаштирди. Инсоният биринчи бор ушбу объектни бу қадар яқин масофадан кўришга муваффақ бўлди — бунга қадар суратлар сунъий йўлдошдаги махсус қурилмалар ёрдамида олинар эди.
Айсбергнинг ўзи кемаларга хавф туғдирмайди. Ҳозирча у океанда стакандаги муз бўлакчаси каби сузишни давом эттирмоқда. Бироқ у Ларсен С музлигидан ажралиб чиқиб, унинг эриш жараёнини тезлаштириши мумкин. Бу ўз навбатида денгиз сатҳининг кўтарилишига олиб келади.
Изоҳ (0)